Эндиликда педагогларни мажбурий меҳнатга жалб қилиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик янада кучайтирилиши мумкин. Бу «Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасида белгиланмоқда. Қонунчилик палатасининг ялпи мажлисида ушбу меъёрий ҳужжат депутатлар томонидан кўриб чиқилди.
Қонун лойиҳаси билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга педагогларни меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлаш базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 бараваридан 150 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши ҳақидаги меъёр киритиляпти. Шунингдек, педагог ходимнинг таълим олувчилар билимини тўғри ва холис баҳолашига таъсир кўрсатиш билан боғлиқ бўлган касбий фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашиш ёки уларнинг хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилиш фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг етти бараваридан ўн бараваригача, мансабдор шахсларга ўн бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши мумкин.
Амалдаги қонунчиликда эса ушбу ҳуқуқбузарликка нисбатан белгиланган жарималар миқдори бироз пастроқ, яъни фуқароларга БҲМнинг 5 бараваридан 7 бараваригача, мансабдор шахсларга эса 7 бараваридан 10 бараваригача миқдорни ташкил этади.
Худди шундай ҳуқуқбузарликлар маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такроран содир этилган бўлса, фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан ўн беш бараваригача, мансабдор шахсларга эса ўн беш бараваридан йигирма бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлишини назарда тутувчи нормани киритиш таклиф этилмоқда. Амалдаги қонунчиликда эса маъмурий қамоққа олиш билан боғлиқ жазо чораси мавжуд эмас эди.
Шунингдек, Жиноят кодексига ҳам маъмурий жазо қўлланилганидан кейин бундай ҳуқуқбузарлик содир этилса, базавий ҳисоблаш миқдорининг 150 бараваридан 200 бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазолашни мустаҳкамловчи янги норма қўшиш назарда тутилмоқда.
Қонунчиликка киритилаётган бундай ўзгаришлар педагог ходимларнинг ҳуқуқларини янада мустаҳкамлаш, ҳимоя қилиш, фаолиятини ҳеч бир тўсиқларсиз амалга ошириш ва албатта, самарали иш олиб боришларини таъминлашга хизмат қилади. Бу жуда тўғри ва муҳим қадам эканини таъкидлаган ҳолда, мазкур қонуннинг қабул қилинишини кутиб қоламиз.
Гулрухбегим ОДАШБОЕВА
тайёрлади.
