Сўнгги вақтларда аҳоли орасида электрон дўконлардан фойдаланиш анчайин урфга кирди. Яхши-да, бўш вақтинг бўлганида интернетни ёқасану, онлайн магазинларга “саёҳат” қиласан. Зарур маҳсулотларнинг бир нечтасини кўздан кечирасан, тури, ранги, нархи ҳамёнингга мос келса, тугмани бир босиб буюртма қиласан. Орадан бир кун ўтар-ўтмас, маҳсулотингни уйинггача олиб келиб беришади. Соатлаб ҳориб-чарчаб бозор ёки дўкон айланишингга ҳожат қолмайди. Худди шунингдек, онлайн хизмат кўрсатувчиларга мурожаат қилиш ҳам ўта қулай.
Аммо танганинг икки томони бўлган каби, электрон магазиннинг ҳам ноқулай жиҳатлари кўп. Уларнинг энг асосийси, товар сифатининг талабга жавоб бермаслигидир.
– Уйда неваралар тарбияси билан бандман, – дейди онлайн магазин харидорларидан бири Раъно Абдураупова. – Кўчага чиқишга доим ҳам имкон тополмайман. Кўпинча дори-дармон керак бўлганида онлайн дорихоналар хизмати асқотади. Болалар кийимлари, ўйинчоқлар ёки егуликлар харид қилишда ҳам уларга мурожаат қиламан. Лекин бу борада эҳтиёткорликни йўқотмайман. Сабаби, бундай магазинларнинг кўпи маҳсулоти сифатига жавоб бермаслигидан хабарим бор.
– Бир эмас, беш марта онлайн дўконлардан маҳсулот харид қилдим, – дейди Моҳигул Абдуллаева. – Афсуски, маҳсулотларнинг барчаси сифатсиз эди. Айниқса, кийим-кечаклардан умуман фойдаланмадим. Ҳеч қачон бу каби магазинлардан фойдаланмасликка қарор қилдим.
– Яқинда мен ҳам онлайн сотувчилар билан зиддиятга бордим, – дейди харидорлардан яна бири Маърифат Ҳодиева. – Жўнатилган маҳсулот ўлчами буюртмамга қараганда анча катта эди. Бунинг устига, ўлчам кўрсатилган этикеткалар қирқиб ташлангани ҳафсаламни пир қилди. Сотувчи билан анча тортишдик. Аввалига пул қайтарилмаслигини айтиб, хархаша қилди. Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотларга мурожаат қилишимни эшитгач, ҳовури босилди. Бироз фурсатдан сўнг пулим ўзимга, товарлар эса эгасига қайтарилди.
Дарвоқе, шу ўринда ҳақли савол туғилади. Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари шундай вазиятларда онлайн сотувчиларга тегишли чора қўллай оладими?
Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси Бухоро вилоят ҳудудий бирлашмаси мутахассиси Собира Наимованинг таъкидлашича, бўлимга онлайн магазинлар устидан бир неча шикоят келиб тушган. Манзили аниқ, ёрлиғида ишонч телефонлари кўрсатилган интернет магазинлардан харидорнинг пули қайтариб олиб берилган. Аммо электрон дўконлар иккиламчи бозор бўлгани, у ерда тадбиркорнинг аниқ манзили кўрсатилмаслиги боис баъзи мурожаатларни ҳал қилишнинг имкони бўлмаган.
Мамлакатимизда электрон дўконлар ва ундан фойдаланувчилар сони йил сайин ортиб борар экан, улар фаолиятини тартибга солувчи ташкилотлар бўлиши истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг муҳим кафолатига айланади. Акс ҳолда, пулига “куйиб” қоладиган харидорлар ва уларни “тушириш”да давом этадиган “ҳалол” тадбиркорлар билганидан қолмайди.
Бу ўринда электрон дўконларни назорат қилишнинг имкони борми, деган навбатдаги савол пайдо бўлади.
– Оғриқли масала шуки, онлайн бизнесни назорат қилиш учун ҳеч бир ҳуқуқ-тартибот идораси етарли техник имкониятга эга эмас, – дейди вилоят ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати раҳбари Шуҳрат Жалолов. – Харидор фақат мамлакат ҳудудидаги эмас, балки бутун дунёдаги онлайн дўконлар хизматидан фойдаланади. Дунё миқёсида эса энг хавотирли жиноятчилик кибержиноятчилик деб баҳоланмоқда ва уни аниқлаш учун жуда кўп вақт талаб этилади. Онлайн савдонинг бир учи фирибгарликка бориб тақалади. Шу сабабли ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари кўпроқ тарғибот ишларини кучайтиришга эътибор қаратмоқдалар.
Хўш, онлайн сотувчиларининг пластик карталарига маҳсулот сотиб олиш учун юзлаб харидорлар пул кўчириб берар экан, сотувчи олаётган фойдасидан даромад солиғи тўлайдими?
Солиқ бошқармаси матбуот хизмати раҳбари Баҳодир Файзиев бу саволга қуйидагича жавоб қайтарди:
– Солиқ қонунчилигида ижтимоий тармоқлардаги фаолият қонуний фаолиятга айлантирилган бўлиб, фуқароларга ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқи берилган. Ўзини ўзи банд қилган шахслар қонунчиликка асосан жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғидан озод этилган. Бунда ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида давлат рўйхатидан ўтган фуқаро фақат ижтимоий солиқ тўлайди, холос. Бошқа ҳолларда эса, яъни фуқаро ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида давлат рўйхатидан ўтмасдан туриб, ижтимоий тармоқларда даромад топган бўлса, уни солиқ органи ўзида мавжуд ва ташқи манбалар асосида солиққа тортади. Бу дегани, декларация асосида жисмоний шахснинг ижтимоий тармоқдаги фаолияти натижасида унинг банкдаги банк пластик картасига келиб тушаётган маблағ асос ҳисобланиб, унга 12 фоиз даромад солиғи ҳисобланади.
Изоҳ шуки, Ўзбекистон Республикасининг 2004 йил 29 апрелдаги “Электрон тижорат тўғрисида”ги ҳамда 2022 йил 9 сентябрда қабул қилинган янги таҳрирдаги “Электрон тижорат тўғрисида”ги қонун ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 8 июндаги “Тадбиркорлик фаолияти ва ўзини ўзи банд қилишни давлат томонидан тартибга солишни соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида электрон савдо билан шуғулланувчилар кўрсатиб ўтилган.
Ушбу мақола орқали биз барча онлайн дўконларни ёлғончига чиқариш фикридан йироқмиз. Улар тобора ҳаётий заруратга айланмоқда. Аммо дўкон танлаётганда эҳтиёткорликни қўлдан бой бермаслик зарур. Акс ҳолда…
Дилдора ИБРОҲИМОВА,
“Ishonch.uz”



