САВОЛ:
Тошкентда малака ошириб қайтдим. Шошилинч бўлгани учун поездга ҳам, самолётга ҳам билет олишга улгурмаган эдим. Тошкентга 200.000 сўм тўлаб, таксида борганман. Қайтишда йўл музлагани боис таксига 300.000 сўм тўлаб қайтдим. Табиийки, ҳайдовчи ҳеч қандай чек берган эмас. Саволим шуки, ишхона бу харажатларимни тўлаб берадими? Ўтган гал бир ҳамкасбимизга тасдиқловчи ҳужжатлари бўлмагани сабабли сафар харажатлари тўлаб берилмаган экан.
ЖАВОБ:
Саидали Мухторалиев,
меҳнат муносабатлари бўйича ҳуқуқшунос:
– Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 2 августдаги 424-сонли қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси ҳудудида хизмат сафарлари тўғрисида”ги низомнинг 14-банди а-ж кичик бандларида ходимларнинг хизмат сафари билан боғлиқ йўлкира харажатларини тасдиқловчи ҳужжатлар асосида қоплаш талаблари бирма-бир келтириб ўтилган.
Лекин бу низом тасдиқловчи йўл ҳужжатлари бўлмаган ҳолатларда ҳам ходимларнинг харажатлари қоплаб берилишини назарда тутади. Масалан, сиз айтгандек, ҳолатда бугун оддий таксистлар хизматидан одамлар жуда кўп фойдаланади ва уларда кўпинча чек ёки шунга ўхшаш ҳужжатлар берилмайди.
424-сонли низомнинг 14-банди 3-кичик бандига кўра, йўл ҳужжатлари мавжуд бўлмаганда:
➖ бюджет ташкилотлари ходимлари учун хизмат сафари йўлкирасига ҳақ тўлаш ҳар бир километрга базавий ҳисоблаш миқдорининг 0,1 фоизи миқдорида;
➖ бошқа ташкилотлар ходимлари учун жамоа келишуви (шартномалари), меҳнат шартномасида кўзда тутилган, бироқ ҳар бир километрга базавий ҳисоблаш миқдорининг 0,1 фоизидан кам бўлмаган миқдорларда қопланади.
Агар сиз бюджет ташкилоти ходими бўлсангиз ва сизда йўл ҳужжатлари мавжуд бўлмаса, демак, бориш ва келиш масофасининг ҳар бир километрига БҲМнинг 0,1 фоизи миқдорида пул тўлаб берилиши керак. Мисол учун, Тошкентга келиш масофаси 400 км бўладиган бўлса, демак, сизга 120.000 сўм (300 сўм*400 км=120.000 сўм) қоплаб берилиши керак. Қайтиш ҳам шундай масофа бўлса, демак, жами бўлиб 240.000 сўмлик харажатингиз қопланади.
Агар сиз хўжалик ҳисобидаги ташкилот ходими бўлсангиз, йўл ҳужжатисиз бўлган йўлкира харажати шу ташкилотдаги жамоа шартномасида ёки ходимнинг меҳнат шартномасида кўрсатилган миқдорда қопланади, лекин шунда ҳам бу юқоридаги БҲМнинг 0,1 фоизидан кам бўлмаслиги керак.
Масалан, бюджет бўлмаган давлат ташкилотлари жамоа шартномасида ҳар бир километр учун БҲМнинг “0,2 фоизи”, ёки “0,4 фоизи” деб белгиланиши мумкин. Агар жамоа шартномасида 1 км. учун БҲМнинг 0,2 фоизи тўланиши кўрсатилган бўлса, 400 км.нинг ўзи учун 240.000 сўм, шундай масофадаги қайтиш учун яна 240.000 сўм (жами 480.000 сўм) тўланади. Агар жамоа шартномаси ёки ходимнинг меҳнат шартномасида бундай белгиланмаган бўлса, юқоридаги 0,1 фоиз бўйича ҳисоб-китоб қилинаверади.
Яна бир маълумот, юқоридаги 14-банднинг 3 кичик бандига кўра, тасдиқловчи ҳужжатлар бўлмаганда, транспорт харажатини қоплашда ва масофани аниқлашда интернет тизимидаги электрон хариталардан, яъни масалан, геолокация тизимидан фойдаланиш мумкин.
Ishonch.uz



