Кўп исрофгарчилик қиладиган одамни эл ҳаддан ошган, манман, такаббур дейди. Бойлик тўплаш осон иш эмас. Аммо шу минг азоб ва заҳмат билан топган сарватни ўйламай-нетмай ҳавога беҳуда совуриш ноқислик ёки кибрдандир.
Мен бир гал Қашқадарёнинг Чироқчи туманида меҳмон бўлиб, тўйда ўнта дошқозон осилганини, салкам бир тонна гўшт сарф бўлганини эшитиб, бошимдан ҳушим учди. Бу фазилат, бағрикенглик, саховат эмас, бу иллат ахир! Чунки тўйчининг ҳовли-жойи, яшаш тарзи бунчалик ҳиммат қилишга мос эмас эди-да. Мен унинг уйида на бир кутубхона, на бир компьютер, на бир замонавий мебель кўрмадим. Хонадон эгаси билан суҳбатдан маълум бўлдики, у шу вилоятдан четга ҳам чиқмаган, дунё кўрмаган. Биз уни қоралаш фикридан узоқмиз. Аммо бир кунлик маърака деб, бир умр пешона тери билан топилган бойликни ҳавога совуриш ҳам ақлдан эмас-да!
Шу тўй-маъракаларни (пандемия вақтидагига ўхшаб) ихчамгина 100-150 кишидан оширмай ўтказсак нима қилади? Ортган пулга ўғил-қизга компьютер, китоб, замонавий зарур нарсалар олиб берсак, уй-ҳовлимизда ҳамма шароитни яратсак, ўзимиз, болаларимиз дунё кўрса, шу яхши эмасми?
Минг афсуски, сўнгги йилларда молпарастлик, истеъмолчилик кайфияти кучайиб, исроф кўпаймоқда. Пўрим кийиниш, айш-ишрат, шоҳона қасрлар қуриш, жиҳозлар билан мақтаниш «мода» бўлди. Аммо ўша кўз-кўз қилинган «импортний стенкалар»нинг махсус китоб учун мўлжалланган жавони ё бўш ва ё китоб ўрнида сервиз…
Дунёпарастлик, ахийри, одамийликни ейди. Исрофгарчилик, молпарастлик, модапарастлик яхши амалларни ейди, одамни талвасага солади, адаштиради. Буюк мутафаккир Махатма Ганди айтган эди: «Дунё ҳар қандай одамнинг эҳтиёжларини қондира оладиган даражада имкониятли, аммо инсоний очкўзликни қондиришга унинг кучи етмайди».
Очиғини айтганда, исрофгарчиликларнинг кўпи очкўзликнинг оқибати. Ҳозирги дунёда яратувчилар эмас, истеъмолчилар кун сайин кўпаймоқда. Кейинги қирқ йил ичида дунёда товар ва хизматларга сарфланаётган харажатлар 4,8 миллиард доллардан 20 миллиард долларга ошган. Молпарастлик, ҳавойи орзу ҳавасга берилиш, исрофгарчилик диний эътиқоднинг сустлиги, жаҳолат ва илмсизликдан далолатдир. Ношукрлик, қаноатсизлик, нафсга қул бўлиш, кўр-кўрона кимларгадир тақлид, ўзини билмаслик, шайтон қутқусига учиш, ҳаром-ҳариш йўл билан бойлик орттириш ҳам маънавий даражанинг пастлигидир.
Бизда маърифатсиз бойлар кўп. Етим-есир, муҳтожга эмас, тўққа ҳиммат қилади. Ёки ўзи туғилиб ўсган қишлоқ, шаҳар кўчаси, боғча, мактаб, маданият соҳасига эмас, дабдабали тўй-ҳашам, ичкилик, қимор, айш-ишратга сарфлайди. Одамлар орасида оғир касалликка чалинганлар кўп, улар моддий ва маънавий ёрдамга муҳтожлар ҳам. Тўғри, саховатпеша инсонлар бор, аммо кам. Ҳар ҳолда биз ўйлагандан кам. Бу ҳаётда сармоядор, қўли узун шундай одамларни ҳам кўрдикки, уларнинг энг яқин кишиси, жигари касал ёки моддий ёрдамга муҳтож, лекин улардан садо чиқмайди. Аммо ичкилик, қимор, айш-ишратга миллион-миллион сўм сарфлайди.
Исрофнинг охири вой, таназзул! Мен ҳаётда таажжубли ҳолларни ҳам кўрдим. Бир таниш укахоним тайёрлов курси очиб, тез орада машҳур бўлиб, бойиб кетди. Бухоро ва Тошкентдан уй, машина, ҳатто абитуриентларни олиб юриш учун «Мерседес бенц» автобуси ҳам сотиб олди. Кейин…
Ҳаддидан ошиб, ичкилик, исрофгарчиликка ружу қўйди. Аста-секин обрў, бойлик, имконият ҳам, маишатпараст «дўстлар» ҳам юз кўрмасга айланди… Ҳозир «банкрот». Уни ҳеч ким бу ҳолга солган эмас, ўзига-ўзи қилди. Ҳаддан ошиш, исрофгарчилик уни шу куйга солди. Энди тикланишига кўзим етмайди, чунки иродасини ичкиликка бой бериб бўлган.
Исрофгарни ҳеч ким таназзулга ғарқ қилмайди, ўзи ўз оёғига тушов солади. Исрофгарга ҳавас қилганлар ҳам адашади, бор-йўғини ўз қўли билан елга совургач, тиззасини қучиб, сўнги пушаймон ўзингга душман, деб мунгда ўтираверади. Мол-дунёси борида атрофида гирдикапалак бўлганлар тум-тарақай қочади. Агар уларга «эй, палончининг нон дўсти, биродаринг оғир аҳволда, бир хабар олмайсанми?» деса, жавоб тайёр: «У аҳмоқ, ўзига ўзи қилди».
Афсуски, бугунги кунда исрофгарчилик ниҳоят кўп. Вақт исрофи, хом-ашё, тайёр маҳсулот исрофи, чучук сув, электр энергия, газ исрофи… энг долзарб муаммолардан. Давлат томонидан ажратилаётган кўп миқдордаги маблағларни ноўрин сарфлаш, тақсимлаш, яъни исроф қилиш – жуда катта зарар ва ўпирилишларга сабаб бўлмоқда. Ишчи кучини нотўғри тақсимлаш ҳам иқтисодий исрофга киради. Ер ости, ер усти бойликларидан тўғри, самарали фойдаланмаслик ҳам мамлакат иқтисоди, тараққиёт учун зарар – исроф.
Агар бу дунёдаги ва ўзимиздаги еб-ичгулик, таомлар исрофгарчилигини ҳисобласак, лабларга учуқ тошади. Ноннинг исроф бўлишини айтмайсизми? Агар бир одам бир кунда 1 грамм нон исроф қилса, дунё бўйича қанча бўлади, Ўзбекистонда-чи?! Битта Ўзбекистоннинг ўзида 32,5 тонна, дунё бўйича эса 7,5 миллион килограмм нон увол бўлади. Бунга қолган маҳсулотларни қўшсак-чи?..
Исрофнинг кўплигидан дунёда чиқиндилар муаммоси пайдо бўлганига анча бўлди.
Одамзоднинг кимлигини унинг исрофдор эмаслигига қараб билса ва баҳоласа бўлади. Муборак Ҳадисларда айтилганидек: Енглар, ичинглар, аммо исроф қилманглар!
Илҳом ҒАНИЕВ,
филология фанлари доктори



