Энди ойлик маошнинг бир қисми натура шаклида бериладими? 

58

Яқинда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар муҳокамалари порталида Вазирлар Маҳкамасининг иш ҳақини натура, яъни қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ёки озиқ-овқат ва турар-жой тўлови шаклида тўлашни тартибга солиш ҳамда иш ҳақини ойига бир марта тўланадиган ходимларнинг айрим тоифаларини белгилаш тўғрисидаги қарори муҳокамага қўйилди.

Табиийки, қарор лойиҳасининг иш ҳақини натура шаклида тўлаш ҳақидаги қисми бўйича ижтимоий тармоқларда, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар муҳокамалари порталида турли танқидий фикр-мулоҳазаларга сабаб бўлди. Уларнинг аксариятида бу тартиб барча ишчи-ходимларга жорий этилади, деган фикрда ушбу қарорнинг қабул қилинишига эътироз билдирилган.

Келинг, масаланинг моҳиятига эътибор берайлик. Лойиҳада биринчи масала юзасидан қайси ҳолатларда иш ҳақини натура шаклида тўлаш мумкинлигига аниқлик киритилмоқда. Иш ҳақини натура шаклида тўлаш деганда, иш берувчи томонидан ходимга пул ўрнига унга тенг бўлган ҳар хил маҳсулотлар ёки корхонада етиштирилган (ишлаб чиқарилган) товарлар берилишини тушунамиз. Аслида, амалдаги Меҳнат кодекси (153-моддаси)да меҳнатга ҳақ, қоида тариқасида, пул шаклида тўланиши, иш ҳақини натура шаклида тўлаш тақиқланиши, бироқ Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати томонидан белгиланган ҳоллар бундан мустасно экани белгиланган.

Ҳуллас, қарор лойиҳаси билан қуйидаги ҳолатларда иш ҳақи натура шаклида тўланиши мумкинлиги назарда тутилмоқда: биринчидан, қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчилари томонидан етиштирилган ва қайта ишланган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, иккинчидан, уй ишчисини озиқ-овқат ва уй-жой билан таъминлаш учун. Демак, бу тартиб барча корхона-ташкилот ишчи-ходимлари учун жорий этилмайди.

Ҳужжатга кўра, иш ҳақини натура шаклида тўлаш ходимнинг ойлик иш ҳақининг 30 фоизидан ортиқ, иш ҳақи тўлашнинг тарифсиз шаклидан фойдаланиладиган ташкилотларда эса меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 30 фоизидан ортиқ бўлиши мумкин эмаслиги белгилаб қўйилмоқда.

Аслида, бу қонунчиликка зид эмас. Хавотирга ҳам ўрин йўқ. Чунки ходимга бу шаклда ҳақ тўлаш унинг розилигисиз жорий этилмайди. Аммо бошқа бир жиҳати хавотирли. Аввало, бу қарор ижроси қай даражада назорат қилинади ёки уни назорат қилишнинг имконияти етарлими? Иш берувчилар натура маҳсулоти қийматини сунъий равишда кўтариб, амалда ходимларга арзимаган миқдорда ҳақ тўлашга ҳаракат қилишмайдими? Ишлаб чиқарувчилар ходимларга бериладиган маҳсулотга исталган нархни қўйиши ёки сифатсиз маҳсулотларни ўтказиш ҳолатлари бўлмаслигига ким кафолат беради? Қарор лойиҳасида мана шундай ҳолатлар учун жавобгарлик кўзда тутилмаган, ходимлар ҳуқуқини ҳимоя қилувчи механизм таклиф этилмаган. Мана шулар аҳолининг ҳақли эътирози ва хавотирига сабаб бўлиши мумкин.

Гулрухбегим ОДАШБОЕВА,

«Ishonch.uz»