Ишлаётган одам донорлик қилса, қандай имтиёзлардан фойдаланиши мумкин?

106

Саволга Республика қон қуйиш маркази директори Аълонур Саидов жавоб беради:

– Янги қонунчиликка асосан, қон ва унинг таркибий қисмларини топшириш куни, шунингдек, тиббий кўрикдан ўтадиган куни донор ана шу кунлар учун ўртача иш ҳақи сақланган ҳолда ишдан озод қилинади.

Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ўқувчилари, олий ўқув юртлари талабалари, таълим олувчиларнинг бошқа тоифалари қон ва унинг таркибий қисмини топширадиган куни, шунингдек, тиббий кўрикдан ўтадиган куни машғулотлардан,  ҳарбий хизматчилар эса нарядларни бажаришдан, хизматни ўташнинг вахта ва бошқа шаклларидан озод қилинадилар.

Донорга ҳар сафар қон ва унинг таркибий қисмларини топширган куннинг бевосита эртасига дам олиш учун ўртача иш ҳақи сақланган ҳолда қўшимча бир кун берилади. Донорнинг хоҳишига кўра, мазкур дам олиш куни ҳар йилги меҳнат таътилига қўшиб берилиши мумкин. Қон ва унинг таркибий қисмларини мунтазам ҳамда бепул топширувчи донор «Ўзбекистон Республикаси фахрий донори» (40 марта R масса, 60 марта плазма топширган, камида 10 йилдан буён қон топшириб келаётган фуқаролар фахрий донор бўла олади) кўкрак нишони билан тақдирланади ва энг кам иш ҳақининг ўн беш баравари миқдорида бир мартада тўлиқ бериладиган пул мукофотини олади.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 9 августдаги “Республикада қон билан ишлаш хизмати муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш ва аҳоли орасида беғараз донорлик ҳаракатини ривожлантириш чоралари тўғрисида”ги қарорига асосан:

Фахрий донорлар ўзлари учун қулай бўлган вақтда йиллик асосий меҳнат таътилига чиқиш;

▪️шаҳар жамоат транспортининг барча турларидан (йўналишли ва йўналишсиз таксилардан ташқари) бепул фойдаланиш;

▪️давлат санаторий-курортларида даволаниш учун йўлланмаларни навбатсиз олиш;

▪️доимий (йилига камида 3 марта қон топширувчи) донорлар ва уларнинг яқин қариндошлари (ота-оналари, турмуш ўртоғи, фарзандлари, ака-ука ва опа-сингиллари, турмуш ўртоғининг ота-оналари) стационар даволаниш жараёнида, зарурат туғилганда, қон ва унинг таркибий қисмлари билан бепул таъминланиш имкониятларига эга.

 З.Намозова тайёрлади