Хорижлик тадқиқотчилар Миллий архивимизда нималарни ўрганяпти?

58

2022 йилда Ўзбекистон Миллий архивининг ўқув залида жами 5 037 нафар тадқиқотчи иш олиб борган. Уларнинг 27 нафари АҚШ, Буюк Британия, Франция, Польша, Исроил, Россия, Қозоғистон ва Қирғизистон давлатларидан. Изланувчиларга 35 247 сақлов бирлигидаги ҳужжат фойдаланиш учун тақдим этилган.

Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий архиви томонидан ташкил этилган матбуот анжуманида маълум қилинди. Миллий архив директори Дилбар Зокированинг таъкидлашича, бугунги кунда Миллий архив фондида юртимизнинг ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ва маданий ҳаётига тааллуқли қарийб 3,0 млн. сақлов бирлигига яқин ҳужжат сақланиб, шундан 1,8 млн.дан ортиғи Ўзбекистон Республикаси Миллий архив фондининг доимий сақланувчи ҳужжатлари ҳисобланади.
Миллий архив мутахассиси Мавлуда Шораҳбарованинг маълумот беришича, 2022 йилда Париж университети тадқиқотчиси Бенжамин Кеню «1930-1950 йилларда Ўзбекистонда маданият ва санъат», АҚШлик изланувчи Ватт Ханна «1917 йилда ва Улуғ Ватан уруши йилларида Туркистонда қочоқлар ва маҳбусларга эътибор», исроиллик тадқиқотчи Давид Қалантаров «Марказий Осиё яҳудийлари ҳаёти, » Яҳудийлар жамияти» фаолияти», хитойлик Ю.Хи эса «Самарқанд ва Бухорода архитектура-қурилиш ишлари» мавзусидаги тадқиқот ишлари юзасидан ўрганиш олиб бориб, архив маълумотларидан фойдаланган.
Тадбирда Миллий архивда ҳужжатлар нусхаси ва электрон нусхасини олиш учун пулли хизмат тизими жорий этилгани ҳам таъкидланди. 2022 йил давомида кўрсатилган пулли хизматларнинг умумий ҳажми 3 млрд. 971 миллион 731 сўмни ташкил этган.

Зебо НАМОЗОВА,
«ISHONCH»