Саволга Касаба уюшмалари Федерацияси юристи Лола НИШОНОВА жавоб беради:
— Санаторийга йўлланма олмоқчи бўлган ходим ўз иш жойидаги касаба уюшмаси қўмитасига мурожаат қилади. Қўмита ходимга тизимдаги санаторийлар ва дам олиш уйлари тўғрисида маълумот беради.
Ходим ўзига маъқул келган санаторийни танлагач, касаба уюшмасига санаторийга йўлланма ажратиш ҳақида ариза топширади. Қўмита ходимининг аризасини қабул қилиб, санаторийга йўлланма олиш учун мурожаатларни рўйхатга олиш китобига навбат билан киритади.
Касаба уюшмаси қўмитаси ходимга имтиёзли йўлланма олиш учун ҳисобидаги маблағдан келиб чиққан ҳолда, юқори турувчи тармоқ касаба уюшмалари ташкилотларига буюртма беради ва тегишли тармоқ кенгашлари буюртма асосида сўралган санаторийга йўлланмани ташкилот касаба уюшмаси қўмитаси ишончномасига асосан ажратади.
Ходим касаба уюшмаси қўмитасидан йўлланмани олиши учун қуйидаги хужжатларни тақдим этиши зарур:
ариза;
тиббий маълумотнома;
паспорт нусхаси;
меҳнат дафтарчаси нусхаси;
меҳнат таътили берилганлиги тўғрисидаги буйруқдан кўчирма;
йўлланма қиймати тўлиқ ёки қисман тўлангани (йўлланма нархининг 45%) тўғрисидаги тўлов қоғози.
Ходим санаторий йўлланмаси ҳамда тиббиёт муассасасидан санаторийга тақдим этиш учун санаторий-курорт картасини олиб, йўлланмада белгиланган кунда дам олиш масканига боради. Санаторий ходимнинг йўлланмаси ва паспорт маълумотларига асосан даволаш картасини очади ва тиббий кўрикдан ўтказади. Тиббий кўрик хулосасига асосан ходимга даволаш муолажалари ва таомнома белгиланади.
Ходим санаторийда 10-12 кун давомида соғломлаштирилади ва йўлланмасида белгиланган муддатда санаторийдан қайтади.
Ходим санаторийдан қайтгач, касаба уюшмаси қўмитасига санаторий йўлланмасининг қайтариш таълонини тақдим этади.



