Мансабдор шахслар давлат манфаатларига 1 трлн. 12 млрд. сўм моддий зарар етказган

98

Бош прокуратуранинг хабар беришича, ўтган йили 2 минг 965 та жиноят иши бўйича 3 минг 116 нафар мансабдор шахс жиноий жавобгарликка тортилган. Уларнинг 110 нафари республика, 264 нафари вилоят ва 2 минг 742 нафари туман (шаҳар) миқёсидаги идора ва ташкилотларда ишлаган.

2 минг 103 нафари ўзганинг мулкини ўзлаштириш ва растрата йўли билан талон-торож қилиш, 265 нафари мансаб мавқеини суиистеъмол қилиш, 243 нафари фирибгарлик, 169 нафари порахўрлик, 51 нафари мансаб сохтакорлиги, 22 нафари мансабга совуққонлик билан қараш, 14 нафари мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш ва 249 нафари бошқа жиноятларни содир этишган.

2021 йилга (2 минг 804 нафар) нисбатан ўтган йили (3 минг 116 нафар) давлат амалдорлари ўртасидаги жиноятчилик 312 тага кўпайган. Республика миқёсидаги мансабдорлар ўртасида 2021 йил нисбатан (16 нафар) 2022 йилда (110 нафар) жиноятчилик ҳам бир неча баробар ўсгани кўзга ташланмоқда. Уларнинг ўртасида мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш ҳолатлари 2021йил (168 нафар), 2022 йил (265 нафар) 97 нафарга ортган.
Мансабдорларнинг жиноятлари оқибатида давлат ва жамият манфаатларига 1 трлн. 12 млрд. сўм миқдорида моддий зарар етказилган бўлиб, тергов жараёнида ушбу зарарнинг 847 млрд. сўми ундирилган.