Қирғизистонда январ ойида 9 киши «цефтриаксон» дори воситаси туфайли анафилактик шок (аллергик реакция)га учраган. Шундан бир киши вафот этган. Бу ҳақда AKIpress нашри мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлигига таяниб маълум қилди.
Аллергик реакциялар турли ишлаб чиқарувчилар, жумладан, Ҳиндистон, Ўзбекистон, Буюк Британия, Хитой, Миср, Туркия ва Россияда ишлаб чиқарилган препаратларга нисбатан кузатилган.
Кузатилган нохуш ҳолатларнинг бештасида уйга чақирилган ҳамшира ёки бошқаларнинг лаборатория текширувларисиз, беморнинг тиббий тарихисиз ҳамда тиббиёт ходимларининг кўригисиз препаратни қўллаши оқибатида аллергик реакция юзага келган.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, анафилактик шок антибактериал препаратларни назоратсиз ҳамда нотўғри қўллашдан келиб чиқади.



