Ноқонуний муомаладаги қуролни ихтиёрий топширганлик учун мукофот пули берилади – лойиҳа

49

Жисмоний ва юридик шахслар томонидан ўз ихтиёри билан ноқонуний муомалада бўлган ўқотар қуролни ва унинг патронларини бевосита ҳудудий ички ишлар органлари ёки профилактика инспекторларига, портлашга юқори хавфли бўлган ўқ-дориларни, портловчи модда ва портлатиш қурилмаларини эса – билвосита, махсус билим ва кўникмаларга эга мутахассисларни (портлатиш техниклари) жалб этган ҳолда топшириш тартиби белгиланмоқда.

Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори лойиҳасига кўра, ноқонуний муомаладаги қурол ва унинг патронларини ўз ихтиёри билан топширганлик учун мукофот пуллари ажратилади. Шунингдек, 1974 йилгача ишлаб чиқарилган ўқотар қуролни топширган шахсларга уни имтиёзли асосда олиш ҳуқуқи тақдим этилади. 

Ҳужжат лойиҳасига кўра, қуролларни ўз ихтиёри билан тегишли тартибда топшириш БҲМнинг 15 баробари (газли қуролнинг бир донаси учун)дан 200 баробари (жанговар ўқотар қуролнинг бир донаси учун)гача пул мукофоти билан тақдирланишига асос бўлади. Патронлар учун эса БҲМнинг 1 баробаридан 2 баробаригача пул мукофоти ажратилиши белгиланмоқда.

Қурол ва (ёки) патронларни ўз ихтиёри билан топширган аризачининг хоҳишига кўра пул мукофоти нақд шаклда ёки унинг ҳисоб рақамига пул ўтказиш йўли билан тўлаб берилади.
Қайд этилишича, Ички ишлар органларига йиллик ўртача ҳисобда топшириладиган қурол ва патронларнинг сони ҳамда лойиҳада назарда тутилган пул мукофоти миқдорлари бўйича ўтказилган ҳисоб-китобларга кўра, лойиҳанинг қабул қилиниши Республика бюджетидан ҳар йили тахминан 1 млрд 135,4 млн сўм ажратилишини талаб этади.

Маълумот учун, амалдаги Жиноят кодексининг 248-моддасига кўра, ўқотар қуролнинг, ўқ-дориларнинг, ўқотар қурол асосий қисмларининг, портловчи моддаларнинг, портлатиш воситаларининг ёки портлатиш қурилмаларининг ноқонуний муомаласи БҲМнинг 50 бараваригача жаримадан 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланишга сабаб бўлиши мумкин.