Марказдаги муаммоли масала

68

Шу кунларда пойтахт марказидаги Амир Темур шоҳ кўчаси ва Бухоро кўчасига адашиб кирган ҳайдовчи борки, ЙҲХБ ходимларининг «ўлжаси»га айланмоқда. Мана, Бухоро кўчасининг яқиндагина кириш тақиқи қўйилган қисмига турнақатор тизиб қўйилган автомобиль эгаларининг айби нимада? Ахир бундан бошқа тураргоҳ бўлмаса, улар нима қилишсин? Марказдаги идораларга иш билан келган одамлар эса бу “кирпич”ни кўради-ё кўрмайди. Бу бир масала!
Яна бир муаммо.

“Пойтахт” савдо мажмуаси ёнидаги йўлнинг кавлаб ташланганига салкам бир ой бўлди. Балким ундан ҳам кўпроқ. Кавланган йўл яқинда кўмиб қўйилди. Ёмони, Бухоро кўчасига келаётган автоулов бу ердан ҳам ўнгга бурила олмайди. Энди шу тор йўл ҳам ёпиб қўйилган. Зўр бўлгандан кейин нимаям қиласиз… Аммо бутун бошли пойтахт марказида арзимаган битта носозлик ойлаб ҳал этилмаётганига ҳеч ким изоҳ ҳам бермайди.
Айтинг-чи, қоида бузувчини «овлаш» билан банд бўлган ЙҲХБ ходимлари учун аслида бу чорраҳада ҳаракат хавфсизлигини назорат қилиш муҳимроқ эмасми? Мақсад фақат пул топиш эмасдир, ахир!
Умуман, бу муаммолар яқин келажакда марказ йўлларида тирбандликлар ва қоида бузилишлар фақат горизонтал ўсиб боришини далиллаяпти. Пойтахт ҳокимлиги эса, “Ishonch” газетаси бот-бот бераётган саволга жавоб излашни ўзига эп кўраётгани йўқ: Хўш, Пойтахтда бундан етти-саккиз йил аввал ваъда қилинган кўп қаватли автотураргоҳлар қуриладими?

Мазкур масалага масъуллардан муносабат кутиб қоламиз.