Ҳайратон кўприги темир йўл орқали юклар ташуви учун очилди

40

Ўзбек – Афғон темир йўллари ўртасида юклар ташуви тикланди. Бу ҳақда “Ўзбекистон темир йўллари” компанияси ахборот хизмати маълум қилди.

Қайд этилишича, жорий йилнинг 8-10 феврал кунлари Термиз шаҳрида Афғонистон темир йўллари бошқармаси раҳбари Байтуррахмон Шарофат бошчилигидаги афғон делегацияси билан учрашув ўтказилган.

Учрашув натижасида Афғонистон темир йўл бошқармаси ва “Sogdiana trans” ШК ўртасида “Ҳайратон – Мозори-Шариф” темир йўлини эксплуатация қилишни келгусида давом эттириш бўйича, янги шартнома имзолашга келишилган.

“Шу билан бирга томонларнинг келишувига кўра, Афғонистон томонига йўналтирилган вагонларни “Ўзбекистон темир йўллари” АЖнинг “Sogdiana trans” ШК томонидан Ҳайратон станциясига етказиб бериш жорий йилнинг 10 февралидан қайта тикланди”, – дейилади компания хабарида.

Шунингдек, музокаралар якунида эришилган келишувлар бўйича баённома ҳам имзоланган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йил 1 феврал куни Ўзбекистон томони Афғонистон темир йўл бошқармаси келишилган чора-тадбирларни ўз вақтида амалга ошира олмаётгани сабабли Ҳайратон кўприги орқали темир йўл қатнови вақтинча тўхтатилганини маълум қилган эди.