Мен Бобур бобомизни қандай танидим?

37

Юртимизда буюк шоҳ ва саркарда, серқирра ва сермаҳсул шоир, тарихчи ва географ Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг таваллуд санаси кенг нишонланаётган шу кунларда таниқли ёзувчи Пиримқул Қодировнинг «Юлдузли тунлар» романи ёдимга тушди. Мен бу асарни сал олдин катта қизиқиш билан ўқигандим. У улуғ бобокалонимизнинг ҳаёти ва ижодий фаолияти, машаққатларни қандай енгиб ўтгани тўлақонли ёритиб берилгани билан менда катта таассурот қолдирганди.

Роман Тоҳир ва Робия исмли икки ёшнинг бир-бирига чин муҳаббатини баён этиш билан бошланади. Кейин уни ўқиганингиз сайин мураккаб ва чигал вазиятларга дуч келаверасиз. Шунинг баробарида ҳам шоҳ, ҳам шоир бобомизга нисбатан меҳрингиз ва ҳурматингиз янада ошиб бораверади.
Бобур жуда ёшлигиданоқ кўп савдоларни бошидан кечиради. Айниқса, унинг 12 ёшида бутун бошли давлатни бошқарганидан огоҳ топгач, ҳайратга тушасиз. Самарқандни эгаллаш чоғидаги қийинчилик­ларга, хиёнат ва разолатга дуч келганига қарамай, барчасини сабот билан енгиб ўтганидан фахрланасиз. Пировардида Шайбонийхон «Мен қанча жанг қилган бўлсам, ҳақиқий, енгилмас, елкаси курашга тўймас Бобурдек ўғлонни энди кўрдим ва у билан бўлган жангларни ҳақиқий уруш ҳисоблайман», деб бежиз айтмаганига ишонч ҳосил қиласиз.
Афсуски, ҳар тарафлама қақшатқич зарбаларга учраган, ўз она диёрига сиғмаган, энг қийин вазиятда умр йўлдоши ҳам юз ўгирган Бобур мирзо ноиложликдан Ҳиндистон сари отланишга мажбур бўлади. Кейинчалик эришган муваффақиятлари ҳақида эса шундай деб ёзади: «Мен барча душманларимдан ва қилган жангларимнинг ҳар биридан янгича жанг усулларини ўрганганман, шунинг учун Иброҳим Лўдий билан бўлган даҳшатли жангда ғалаба қозондим». Бу гапдан ўтмиш инсонни тарбиялайди деган хулоса чиқариш керак.
Шу ўринда Бобур бобомизнинг волидаи муҳтарамаси ва опаси ҳақида бир оғиз тўхталиб ўтайлик. Қутлуғ Нигорхоним садоқатли ёр бўлишидан ташқари, зурриётлари тақдирини ўйлайдиган, шу мақсадда ҳар қандай азоб-уқубатларга ҳозиру нозир ўзбек оналари тимсолидир. Теран фикрлайдиган, билимли ва оқила Хонзодабегим эса жигаргўшаси Бобурнинг бахти учун ўз бахтидан кечган сабрли ва гўзал аёлдир. Она-боланинг бу борадаги матонати ва жасорати китобхон юрагини ларзага келтиради.
«Юлдузли тунлар»ни ўқий бошлашим биланоқ бир-бирига занжирдек чамбарчас боғланган ва шиддат билан ривожланиб бораётган воқеалар оғушига сингиб кетгандай бўлдим. Муаллиф шундай маҳорат билан қалам тебратганки, мутолаа давомида ҳар қандай ўқувчи ҳам ўзини ўша даврларда рўй берган воқеалар гирдобига тушиб қолгандек, ўша замон кишилари билан бирга нафас олаётгандек ҳис этади.
Буюк аждодларимиз ҳақида тарихий асарлар яратилиши, биз ёшлар учун ўтмишимизни билиш, бутун оламга довруғи кетган улуғ алломаларимизнинг ҳаёти, илмий ёки ижодий фаолияти билан яқиндан танишиш учун имконият эшикларининг катта очилиши демакдир. Шу нуқтаи назардан қараганда, Пиримқул Қодировнинг «Юлдузли тунлар» романи ҳам беқиёс аҳамиятга эга. Буни ушбу асар анча йиллардан буён ҳамюртларимиз томонидан меҳр билан ўқилаётганидан билиш мумкин. Мен ҳам Заҳириддин Муҳаммад Бобурни айнан мана шу китоб орқали танидим ва у ҳақда кўплаб маълумотларга эга бўлдим. Қолаверса, мутолаа давомида билим олиш, ҳар қандай вазиятда ҳам сабрли ва садоқатли инсон бўлиш, мавжуд тўсиқларни бардош билан енгиш, ҳаётга теран нигоҳ билан қараш зарурлигини ўргандим.
Зеро, асарнинг тарбиявий, илмий ва тарихий аҳамияти ниҳоятда катта. Шунинг учун бошқаларга ҳам уни ўқишни тавсия қиламан.

Гулшаной АЛИЖОНОВА,
ЎзЖОКУ талабаси