Тошкент вилояти Болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази буюртмачилигидаги 796 млн сўмлик тиббий асбоб-ускуналар учун 2023 йил 10 феврал куни ўтган давлат хариди бекор қилинди.
Коррупцияга қарши курашиш агентлигига кўра, бунга давлат хариди жараёнида қатор қонун талабалари бузилгани сабаб бўлган.
Жумладан, Агентликнинг ўрганишича, давлат харидларида иштирок этган талабгорлар яқин қариндош – ака-укаларга тегишли бўлган, яъни ўзаро аффилланганлиги ҳолатлари мавжуд.
Шунингдек, мазкур давлат хариди бўйича Харид комиссияси томонидан фойдаланган компютерларнинг IP-манзиллари маълумоти ўрганилганда харид комиссияси раиси, аъзолари (овоз бериб баҳолаш ваколатига эга) ва комиссия котиби 2023 йил 10 феврал куни соат 21:05 дан 21:11 гача, яъни ўртача 6 дақиқа вақт ичида IP-манзили бир кишига тегишли бўлган компютер орқали бошқарилиб, харид натижалари баҳоланганлиги ва баённома расмийлаштирилганлиги маълум бўлди.
Мазкур ҳолатлар бўйича харид комиссиясининг баённомасини бекор қилиш тўғрисида буюртмачига тақдимнома киритилган ва тўпланган ҳужжатлар Бош прокуратурага юборилган.
Шунингдек, ҳолат бўйича хизмат текшируви ўтказиш учун Соғлиқни сақлаш вазирлигига сўровнома ҳам киритилган.
Тошкент вилояти Болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази томонидан 2023 йил 13 феврал куни Агентликка тақдим этилган хатга кўра, Агентликнинг тақдимномасида қайд этилган камчиликлар бартараф этилиб, Харид комиссиясининг баённомаси бекор қилинган.
