Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги иккита ўтказиш пункти вақтинча ёпиляпти

51

Ушбу ўтказиш пунктлари орқали фақатгина юк кўтариш вазни 3,5 тоннадан юқори бўлган юк автотранспорт воситалари ҳаракати давом этади.

2023 йил 15 февраль кунидан Сирдарё вилояти божхона бошқармаси “Сирдарё” ва Тошкент вилояти божхона бошқармаси “С.Нажимов” чегара божхона пости орқали фуқаролар ва енгил автотранспорт воситалари ҳаракати вақтинчалик тўхтатилади.

Давлат божхона қўмитаси маълумотига кўра, ўтказиш пунктлари Қозоғистон томонининг “Қазигурт” (Ўзбекистон томони “С.Нажимов”) ва “Атамекен” (“Сирдарё”) ўтказиш пунктларида реконструкция ишлари олиб борилиши муносабати билан ёпилмоқда.

Шунга мувофиқ жорий йилнинг 15 февралидан ушбу постлар орқали пиёдалар, автобус, енгил ва юк кўтариш қобилияти 3,5 тн.гача бўлган юк автотранспорт воситалари ҳаракати вақтинчалик тўхтатилади.

Ушбу ўтказиш пунктлари орқали фақатгина юк кўтариш вазни 3,5 тоннадан юқори бўлган юк автотранспорт воситалари ҳаракати давом этади.

Фуқароларга эса ушбу ўтказиш пунктларига муқобил сифатида иш тартиби куну-тун бўлган “Ғишткўприк” ва “Яллама” ҳамда иш тартиби куннинг ёруғ вақтида бўлган “Малик” ва “Оқ олтин” ўтказиш пунктлари орқали ҳаракатланишлари тавсия қилинмоқда.