Маълумотларга кўра, пластик картадан картага ўтказмалар учун
янги тартиб жорий қилинмоқда. Унга биноан Click, Payme, Apelsin каби тўлов тизимлари ёки мобиль банк хизматлари орқали бошқа одамнинг пластик картасига пул ўтказишда электрон ҳисобварақ-фактура тузиш мажбурий
бўлмоқда.
Хўш, бу нимани англатади?
Оддий тил билан айтганда, йўқ жойдан янги харажат пайдо бўляпти. Яъни пластик картадан бошқа картага пул ўтказилганда ушлаб қолинаётган бир фоизлик комиссия тўловига қўшимча равишда яна маблағ ушлаб қолинади.
Ўз-ўзидан савол туғилади: Бу харажат кимнинг ҳисобидан ва қанча миқдорда ундирилади?
Мазкур харажат истеъмолчи зиммасига юкланмайдими?
Янги қоидага кўра, ҳатто ўтказманинг комиссия қиймати «0» фоизга тенг бўлса ҳам, ҳисобварақ-фактура тузиш мажбурий бўлади.
Айни пайтда ҳар бир электрон ҳисобварақ-фактурани шакллантириш баҳоси 270 сўмдан бошланади. Ҳисобварақ-фактурани тадбиркорлик субъектлари, яъни электрон ҳужжатлаштириш операторлари («Didox+», «E-faktura», «Soliq servis» кабилар) тузиб беради.
Мазкур қоидани амалиётга татбиқ этиш бундан аввал ҳам илгари сурилган эди. Аммо бу ташаббус Марказий банк ва фаолларнинг норозилиги туфайли бекор қилинганди.
Вазирлик янги тартибга изоҳ бериш асносида ҳисобварақ-фактурани тузиш нархини 1 сўм қийматда белгилашга ваъда берди. Аммо…
Адлия вазирлигининг баёнотига кўра эса ушбу ҳисобварақ-фактурадаги банд ҳуқуқий экспертиза лойиҳасида бўлмаган, балки кейинчалик қўшиб юборилган.
Аслида электрон ҳисобварақ-фактура тузиш жисмоний шахсларга нима учун керак? Тадбиркорларнинг активларини ўз базасида кўриб туришни истаётган солиқчилар жисмоний шахслар ўртасидаги ўтказмаларни ҳам назорат қилишидан биз билмайдиган бошқа жиҳатлар ҳам борми? Пластик эгалари учун бу тартиб «бошоғриқ» келтириб чиқармаслигига етарли асос борми?
Иқтисодиёт ва молия вазирлигидан мана шу саволларга жавоб кутиб қоламиз.
Ғуломжон МИРАҲМЕДОВ
«ISHONCH»
