Ўзбекистон Туркия билан ҳам маҳкумларни топшириш бўйича келишиб олди

52

Жорий йилнинг 15 февраль куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Туркия билан маҳкумларни топшириш бўйича ҳукуматлараро битимни ратификация қилиш тўғрисидаги қонунни имзолади. 

Қонун билан ратификация қилинган мазкур битим 2022 йил 29 март куни Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғаннинг Ўзбекистонга ташрифи чоғида имзоланган.

Қайд этилишича, ҳужжат Ўзбекистон ва Туркия ўртасида хавфсизлик, ҳарбий ва ҳарбий-техникавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича чора-тадбирлар режасига мувофиқ ишлаб чиқилган.

Шунингдек, ҳужжат Ўзбекистон ва Туркия фуқароларига жазони ўз ватанларида ўташ имконини беради. Мазкур қонуннинг қабул қилиниши фуқаролар ҳуқуқ ва манфаатларини янада самарали ҳимоя қилиш билан бирга, мамлакатимизнинг халқаро майдондаги ижобий нуфузини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Мазкур қонун ўтган йилнинг 27 декабрида Сенат томонидан кўриб чиқилиб, маъқулланган эди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон ва Қозоғистон маҳкумларни бир-бирига топширишга келишиб олгани айтилган эди.