Томда товуқ ётади, жақу…

88

Хотин дегани жоннинг эгови экан. Уйландиму бошим балога қолди. Асал ойи тугамасиданоқ турткилай бошлади. Ҳаммасидан ҳам «Ётавериб моғорлаб кетгансиз», деган гапи жон-жонимдан ўтиб кетди. Бор-э, деб Тошкентга сурвордим.

Тақдиримиз ўхшаш Шилдирвой амакимникидан қўним топдим. Қон бир-да, амаким ҳам айнан ўзимга ўхшайди. Юлдузга бемалол нарвонсиз чиқиб тушаверади.
– Оббо Ваққосвой жиян-эй, на касбинг, на ҳунаринг бўлмаса, қўлингдан нима келади? – деди у пешонасини тириштириб.
– Қўшиқ айтаман, мактабдаги арча байрамларида ҳам айтганман, – дедим кўзимни лўқ қилиб. «Қани, эшитайлик-чи», деганидан сўнг ашулани бошладим: «Томда товуқ ётади, жақу…».
Ширали овозим бор-да, қўшиғимни эшитиб, амакимнинг афти аччиқ бодом егандек буришиб кетди. Пешонаси тиришди.
– Бир аранжировкачи оғайним бор, эртага бориб учрашайлик, – деди кўнг­лимни кўтариб.
Эй, бу аранжировкачиларга оғзинг бўлса, бўлди экан. Битта бастакорни топиб шундай қўшиқ яратдикки, ўзим ҳам турган жойимда ўйнаб кетавердим. Замоннинг ривожланганини қаранг. Микрофонни ушлаб турсанг бўлди, асбобнинг ўзи куй чалиб, қўшиқ айтади. Фақат ўйнаб кетмагани сал чатоқ экан.
Хуллас, саҳна юзини кўрдим. Қўшиқларим ҳам 4-5 тага кўпайди. Амаким кўмагида ойнаи жаҳонда ҳам куйлаб бердим. Кўча-кўйда баъзи одамларнинг «Фалончи артис-ку, наҳотки, тириги шу бўлса…» деган гапларидан бир қарич ўсаман. Юриш ҳам, туриш ҳам ўзгарди.
Бир куни Шилдирвой амаким «Энди вилоятларга бориб, концерт дастуринг­­ни намойиш этишимиз керак», деб қолса бўладими. «Қўйинг, амаки, қишлоқларда «Томда товуқ»ни муштдай бола ҳам айтаверади, дедим ҳижолат тортиб. Ахир, менинг концертимга ким ҳам чипта оларди.
– Э, нодон, сен замондан орқада қолганга ўхшайсан. Ҳозир томошабин чиптага эмас, чипта томошабинга борадиган бўлган. Ҳаммасини ўйлаб қўйганман, – деди амаким пешонамга нуқиб.
Мен у кишига тан бердим. Олис вилоятдаги илк концертим. Зал лиқ тўла мухлис. Бошловчи «Ўзбек шоусининг мега юлдузи Ваққосбек Тонгботаровни саҳнага таклиф қиламиз», деганида янграган гулдурос қарсаклардан оғзим ланг очилиб, турган жойимда қотиб қолибман. Кимдир саҳнага судраб олиб чиқди…
Концертдан сўнг амаким қўлимга бир даста пул тутқазиб, кўзини қисиб қўйди. Кейин билсам, бу концертимнинг битта чипта пулига битта рўзғорнинг қозонида бир ой гўшт қайнар экан.
Эй, ишонасизми, ҳозир каминанинг концертига кассадан чипта тополмайсиз. Ўлай агар, рост. Шилдирвой амаким шогирдлари билан боғлам-боғлам қилиб, ташкилотларга тарқатиб ташлайди. Ўзим кўрганман, унинг катта-катта акалари бор. Бир қўнғироқ билан бутун бир вилоятдаги ташкилотларга сўзини ўтказа олади. Албатта, бизам жа ноинсоф эмасмиз, чипта ол деб, ҳеч кимни қийнамаймиз. Давлат ғазнасидан шундай кўчириб берса, бўлди. Катта акалар билан енг учида муомала қилиб қўйганмиз. Жа бўлмаса, ташкилот мутасаддилари билан даромаднинг фоизига келишиб кетаверамиз.
Аммо яқинда бир ёмон иш бўлди. Ҳомийларимиз фахрийларни маданий дам олдирамиз, деган ниятда салкам минг кишилик зални чол-кампирлар билан лиқ тўлдиришибди. Мен «Томда товуқ»ни энди бошлагандим, бир тажанг отахон ирғиб ўрнидан турди-да, «Йиғиштир-э шақир-шуқуринг­­ни, яхшиси, «Муножот»ни айт!» деб қолди. Қани энди, бу тил қурғур айланса. Нима бўлса-бўлар дедим-да, янги ашулам – «Кўзинг сузма менга энди, Санобар»ни бош­лаб юбордим. Ҳар тугул, бир кайвони момо мени қўллаб-қувватлади. У қошларини учириб, ўйинга тушганди, чолларнинг бари шунга андармон бўлди-қолди.
Энди санъат шунақа-да. Концертга иккита қизиқчини ёллаб келсангиз, данғир-дунғур билан икки-уч соат ўтиб кетади. Бизнинг шу даргоҳда кўзимиз очилиб, анча улғайдик…
Кечирасиз, нима деяпсиз?.. Ҳа, тушундим, ҳол-жонимга қўймаган хотинимни сўраяпсизми? Элга танилгач, ўша битта гапи учун кавушини тўғрилаб қўйдим. Ҳозир атрофимда жилпанг-жилпанг қилиб юрган Нозига уйланиб олганман.
Қолаверса, кейинги пайтларда Шилдирвой амакимнинг ғояси асосида бизнесга ҳам қўл урдим. Мусаффо булоқдан маъданли сув чиқармоқчимиз. Чуқурлиги 80 метрлик қудуқ қаздирдик. Сувнинг идиши биқинидаги қоғозга 5 хил концентрат билан бойитилган деган ёзувни ёпиштириб қўйсак, бас…
Нима, бу булоқнинг эмас, қудуқнинг зах суви-ку, дейсизми? Соддасиз-да, биродар. Саксон метр қазиганимизда ернинг остки қисмида яшовчиларнинг баланд тоғи олдидан чиқиб қолдик. У ердаги булоқлардан шарқираб сув оқиб ётибди. Одамлар сабзи-шолғом суғоришар экан. Ана шу сувни қувурга ҳайдаб, қудуғимиз тагидан улаб қўйдик. Ҳозир битмайдиган ишнинг ўзи йўқ-ку, окам. Қайси ташкилотдансиз ўзи, концертларда кўринмайсиз…

Ваққосвой Тонгботаровнинг
кўнгил кечинмаларини
Нурилла ШАМСИЕВ
оққа кўчирди.