Хитой компаниялари яна икки вилоятда қуёш фотоэлектр станцияларини қуриб беради

30

Энергетика вазири бошчилигидаги делегация аъзоларининг Хитой Халқ Республикасига амалий ташрифи доирасида бугун, 20 феврал куни Жиззах ва Тошкент вилоятларида умумий қуввати 2000 МВтга тенг бўлган қуёш фотоэлектр станцияларини қуриш бўйича “Huaneng renewables Corporation” ва “Poly Technologies” компаниялар консорциуми билан Ҳамкорлик ҳақида Келишув имзоланди.

Мазкур келишувга асосан ушбу компаниялар консорциуми томонидан Ўзбекистонга 2 млрд доллар миқдорида тўғридан-тўғри инвестиция киритилади.

Ушбу қуёш фотоэлектр станцияларининг илк қувватлари жорий йил якунига қадар, 2024 йилда эса тўлиқ қувватларда ишга туширилиши режалаштирилган.

Бунинг натижасида йилига 5 млрд кВт⋅соат электр энергияси ишлаб чиқарилиб, 1,3 млрд куб метр табиий газ тежалишига эришилади.

Эслатиб ўтамиз, жорий йил 15 феврал куни Қашқадарё, Бухоро ва Самарқанд вилоятларида умумий қуввати 2000 МВт бўлган қуёш фотоэлектр станцияларини қуриш бўйича бошқа бир Хитой компанияси билан англашув меморандуми имзоланган эди.