Қорақалпоғистонда қурилиши битмаган уйнинг зинапояси қулаб тушди

38

Қорақалпоғистоннинг Қонликўл туманидаги «Янги Ўзбекистон» массивида қурилаётган 5 қаватли 30 хонадонли тураржой биноси зинопаяси қулаб тушди.

Мазкур объектда бош пудратчи бўлган «Иморат Қурилиш конструкция» МЧЖ раҳбари Мақсет Бекимбетов ушбу бинода 2022 йил май ойида қурилиш ишлари бошланганини, 2023 йил 3 февраль куни бинонинг 3-қаватига зиналар ўрнатилганини, лекин 7 февраль куни эса зиналарда ёриқ ҳосил бўлиб, қулаб тушганини маълум қилди.

Унинг айтишича, қурилиш фирмаси зиналарни етказиб берган корхона раҳбарларини чақириб, ҳолатни кўрсатган, корхона нобоп чиққан 9 та зинани алмаштириб берадиган бўлган.

“Бизга зиналарни етказиб берган корхона раҳбарларини чақириб, ҳолатни кўрсатдик. Шартномалари бор. Пуллари банк кредитлари орқали тўланган. Бошқа подъездларга ҳам ушбу зиналар қўйилган эди. Кўп вақт ўтмай, улар ҳам ёрилишни бошлади. Уларни ҳам завод масъулларига кўрсатиб, олиб ташладик. Уларни алмаштириб, умумий 9 зинани янгидан қуриб берадиган бўлди”, – дейди Мақсет Бекимбетов.

Туман ҳокимияти ахборот хизмати берган маълумотга кўра, ушбу зиналар «Тақиятас Тау-Кита» темир-бетон заводи томонидан тегишли шартнома асосида етказиб берилган.

Ҳодисадан жабрланганлар йўқ. Ҳозирда ҳолат бўйича прокуратура ва бошқа тегишли ташкилотлар томонидан ўрганиш ишлари олиб борилмоқда.