Имтиёзли кредит маблағларини мақсадсиз йўналтирган ҳоким ёрдамчисига нисбатан жиноят иши қўзғатилди.
Аксилкоррупция агентлиги томонидан Қашқадарё вилоятида ўтказилган ўрганишда оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида 2022 йилда ажратилган имтиёзли кредит маблағлари ҳисобидан таъминотчиларга ўтказилган айрим ҳолатларда кредитлар мақсадсиз ишлатилганлиги аниқланган.
Хусусан, Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Шаҳрисабз тумани бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширув натижаси бўйича “Б.С.Б.” МЧЖ таъсисчиси ва раҳбари А.Ў. бир пайтнинг ўзида Шаҳрисабз туманида маҳаллада ҳоким ёрдамчиси лавозимида ишлаётганлигидан фойдаланган ҳолда 114 млн сўм солиқ ва йиғимларни тўлашдан қасддан бўйин товлаганлиги ҳамда тижорат банкининг Шаҳрисабз филиали мансабдор шахслари билан жиноий тил бириктирган ҳолда ҳужжатларни сохталаштириш орқали 162 млн. сўм кредит маблағларини ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилганлиги аниқланган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
