Дунёдаги глобаллашув жараёнлари жамиятни модернизациялаш билан бир қаторда, аҳолининг маънавий ва маданий ҳаётини янада юксалтиришни ҳам тақозо этади. Бу жараёнда одамзодга хос азалий иллатларга, чунончи, коррупцияга ҳам бутунлай барҳам бериш керак. Чунки у инсоният ҳаётига ва жамият тараққиётига ғов бўлади. Демак, бу ёвуз балога кенг кўламда ечим топиш ва қатъиян чек қўйиш, давлатнинг коррупцияга қарши сиёсатини амалга оширишда фаол фуқаролик позициясини шакллантириш энг долзарб вазифалардан бири саналади.
Шу боис мамлакатимизда коррупцияни бартараф этиш, унинг жамият ижтимоий-иқтисодий ва маънавий ҳаётига салбий таъсирлари олдини олиш механизмларини такомиллаштириш ва бу борада юқори самарадорликка эришишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, Президентимиз 2020 йил 24 январда Олий Мажлисга Мурожаатида коррупциянинг олди олинмаса, бирорта ҳам тармоқ ривожланмаслигини алоҳида таъкидлаганди. Унга қарши курашга энг яхши мутахассислар жалб этилмаса, жамиятимизнинг барча аъзолари, таъбир жоиз бўлса, «ҳалоллик вакцинаси» билан эмланмаса, олдимизга қўйган юксак марраларга эриша олмаслигимизни эслатиб ўтганди.
Яқинда эса ғалати бир воқеа рўй берди. Соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов Фарғона вилоятида ҳамкасблари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашувда тиббиёт ходимларининг ойлик маошлари ва коррупция ҳақида сўз юритаётиб, шифокорларга фавқулодда маслаҳат берди. Аниқроғи, «Агар беморни меҳр билан даволасангиз, рози бўлиб, ўзи сизга баракасини бериб кетади. Сўрамасангиз ҳам», деган мазмунда гап қилди. Бу фикр ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилиниб, жиддий эътирозлар ва танқидларга сабаб бўлди.
Вазирнинг сўзларига Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши ҳам муносабат билдирди. Унинг баёнотида, жумладан, шундай дейилган эди:
«Жамоатчилик кенгаши Соғлиқни сақлаш вазирлиги раҳбариятининг коррупциянинг олдини олиш бўйича бошлаган ишларини қўллаб-қувватлайди.
Шу билан бирга, шарафли касб эгалари – шифокорларни рағбатлантириш йўлларидан бири сифатида беморлар берган маблағнинг эътироф этилишини қонунчиликка ва мамлакатда олиб борилаётган коррупцияга қарши курашиш сиёсатига зид ҳаракат сифатида қайд этади.
Мазкур таклиф тизимда коррупциявий жиноятлар сонининг ортишига ҳамда шифокор касби мавқеининг пасайишига, соғлиқни сақлаш тизимига халқнинг ишончи камайишига сабаб бўлади».
Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Коррупцияга қарши курашиш ҳамда Давлат хизматини ривожлантириш агентликларининг қўшма баёнотида эса тиббиёт ходимларига муносиб меҳнат шароити яратиш ва даромадини ошириш, шунингдек, уларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш бўйича амалий чоралар кўриш, бунда тиббиёт ходимлари малакасига, кўрсатиладиган тиббий хизмат ҳажми, мураккаблик даражаси ва сифатига қараб меҳнатга ҳақ тўлашнинг тоифаланган замонавий механизмларини жорий этиш лозимлиги белгиланган.
Жамоатчилик кенгаши шифокорларни рағбатлантиришда беморлардан пул олиш сингари (ихтиёрий ёки ихтиёрий эмаслигидан қатъи назар) ноқонуний хатти-ҳаракатларни бартараф этиш ҳамда ҳақ тўлашнинг тоифаланган механизмини жорий этиш Соғлиқни сақлаш вазирлигининг асосий мақсади бўлиши лозимлигини билдирди.
Мен эса Интернет тармоғи орқали сўровнома ўтказдим. Унда иштирок этган 206 нафар респондентдан 120 нафари (58,3 фоизи) соғлиқни сақлаш соҳасининг мансабдор шахслари ўз вазифаларини виждонсизларча бажаришига гувоҳ бўлишганини эътироф этди. «Ижтимоий фикр» республика жамоатчилик фикрини ўрганиш Маркази томонидан ўтказилган тадқиқотларда ҳам сўров иштирокчиларининг 43,2 фоизи бу тизимда коррупция даражаси юқори эканлигини эслатган.
Тадқиқотлар натижаларидан кўриниб турибдики, бу «касаллик» кўп вақтлардан буён давом этиб келаётган ва қон-қонимизга сингиб кетган иллатдир. Ҳолбуки, «Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисидаги» қонунимизнинг 44-моддасига кўра, шифокор дипломини олаётган шахслар қуйидаги мазмунда қасамёд қабул қилади:
«Шифокор деган юксак унвонни олиб, тиббиёт фаолиятига киришар эканман:
ўзимнинг бор билим ва маҳоратимни беморни даволашга ҳамда инсон соғлиғини сақлашга бағишлашга;
ёши, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, эътиқоди, ижтимоий келиб чиқиши ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, ҳар бир беморга куч-ғайратим ва вақтимни аямай тиббий ёрдам кўрсатишга;
беморнинг соғлиғини шахсий манфаатларимдан юқори қўйишга, камтар ва ҳалол бўлишга, ўз билим ва маҳоратимни доимо ошириб боришга;
шифокор сирини сақлашга;
кишиларга ҳамиша меҳр-мурувват ва шифо топишларига ишонч ҳадя этишга;
Буқрот, Абу Али ибн Сино сингари улуғ табибларнинг шонли анъаналарини давом эттиришга тантанали қасамёд қиламан.
Ушбу қасамёдга умримнинг охиригача содиқ қолишга қасамёд қиламан».
Ушбу қонунда қасамёдни бузганлик учун жавобгарликка тортилиш ҳам кўрсатиб ўтилган. Бас, шундай экан, ҳар бир шифокор ўз касбига виждонан, ҳалоллик билан ёндашиши, коррупциявий жараёнларга фаол қаршилик кўрсатиши ва муросасиз муносабатда бўлиши зарур. Ўз навбатида, бу иллатни бартараф этиш учун фуқароларимизни ҳам «ҳалоллик вакцинаси» билан эмлаш, яъни уларнинг онгига ҳалоллик ғояларини сингдиришимиз даркор.
Коррупцияга қарши курашиш бўйича олиб борилган тадқиқотлардан аён бўлишича, айрим давлатларда мактаблар ва шифохоналарга «ҳалоллик» ёки «хайрия» қутилари ўрнатилар экан. Биз шу тажрибадан келиб чиқиб, юртимиздаги тиббиёт муассасаларига ҳам худди шунақа қутилар ўрнатиш ҳамда шифокорларга миннатдорлик сифатида пул бермоқчи бўлган айрим фуқароларга ўша маблағларини шу идишлар ичига ташлашини ўргатиш механизмини яратиш таклифини билдирмоқчимиз. Тўпланган маблағлар эса, кенг жамоатчилик назорати остида шифохоналар фаолиятини ривожлантириш, соҳанинг яхши ишлаган ходимларини рағбатлантириш учун ишлатилса, коррупция ва порахўрликни йўқотишга хизмат қилади, деб ўйлаймиз.
Энг муҳими, ҳар бир фуқаро гўзал ва бетакрор юртимизнинг бугуни ва келажаги учун авваламбор ўзи масъул эканлигини унутмаслиги керак!
Шуҳрат ТУРДИҚУЛОВ,
Тошкент шаҳар ҳокимлиги Коррупцияга қарши ички назорат бўлими бошлиғи
