Ярим асрлик боғча биноси ундаги муаммоларни ким бартараф этади?

71

Наманган шаҳрининг қоқ марказида 33-мактабгача таълим муассасаси бор. Аллақачон эллик «ёш»ни қоралаб қўйган бу боғчага қадам ранжида қилган киши ўзини гўёки ўтмишга тушиб қолгандек ҳис этади. Зеро, тўкилай-тўкилай деб турган бинонинг аянчли аҳволини кўрган киши дастлаб ичкарида ҳеч зоғ бўлмаса керак, деган фикрга бориши мумкин. Аммо ўта абгор даражага келиб қолган муассасага бугунги кунда 120 нафар болакай қатнаётганини, уларга қирқ нафар ходим тарбия бераётганини эшитгач, бу ҳолатга нисбатан зудлик билан қатъий чора кўриш шарт, деган хулосага келиши тайин.

Шу боис Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Наманган вилояти Кенгаши меҳнат-техник инспектори Мирзанозир Қорабоев ҳамда Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Наманган шаҳар бўлинмаси кенгаши раиси Акмал Умаров Меҳнат кодексининг 9-моддасига ва «Касаба уюшмалари тўғрисида»ги қонунга мувофиқ, ушбу мактаб­гача таълим ташкилотида ўрганишлар олиб боришди. Пировардида, ходимлар ва тарбияланувчиларнинг ҳаёти ҳамда соғлиғига хавф туғдирувчи ва путур етказувчи бир қанча камчиликлар мавжудлигини аниқлашди.
Дарвоқе, Наманган шаҳар, «Зиёкор» МФЙдаги Бешкапа кўчасида қад ростлаган мазкур боғча узоқ йиллар мобайнида умуман таъмирланмаган, боз устига, санитария қоидалари ва гигиена талабларига мутлақо жавоб бермайди. Бинони шамоллатиш, иситиш, ҳавони совитиш, канализация тизимлари ҳам ночор аҳволда. Энг ачинарлиси, боғча ходимлари ва тарбияланувчиларига муносиб шароит яратилмаган. Бинонинг том қисми ниҳоятда таъмирталаб. Кичкинтойлар ётадиган хоналарга ёмғирли кунларда чакка томиб, кўлмаклар ҳосил бўлавергани оқибатида тахта поллар чириб кетган. Деворлардаги ёриқлар ва тешиклар қўлбола усулда амал-тақал қилиб беркитиб қўйилган. Стол-стуллари ҳам яроқсиз, айримларини фақат ўтин қилиб ёқиш мумкин.
Табиийки, бунинг учун ҳамма айбни боғча мудирасига тўнкаб, қўйиш адолатдан бўлмайди. Негаки, давлат муассасаси жойлашган ушбу иншоот узоқ йиллар мобайнида соҳа мутасаддилари эътиборидан четда қолган, уни таъмирлашга ажратилган маблағлар эса ноўрин ишлатилган. Алқисса, жажжи фарзанд­ларимиз тарбияланадиган даргоҳ шу қадар аянчли ҳолатга келиб қолган.
Юқорида тилга олинган муаммолар ижобий ечим топишидан муассаса жамоаси, тарбияланувчилари ва ота-оналар ҳам бирдек манфаатдордирлар. Демак, соҳа масъуллари кўпчиликни ташвишлантираётган масалага «ўнг кўз» билан қарашлари, боғчадаги хато-камчиликлар ва ноқулайликларни тез орада бартараф этишлари шарт!

Орзугул РУСТАМОВА
«ISHONCH»