Зулфияхонимни эслаб…

49

Зулфия опанинг ёнларида юриб, суҳбатларидан баҳраманд бўлиш менга ҳам насиб этган ва бундан бахтиёрман.

Тунов куни ёшлардан бири телефон қилиб, «Опа, Зулфиячи қизлардан танишларингиз борми, Зулфияхоним ҳақида материал тайёрлаётгандим», деб қолди. Мен унга «Зулфиячиларни топиш шартми, Зулфия мукофотини олмаган, ололмаган, аммо опанинг ижодини яхши биладиган, шеъриятни, адабиётни теран тушунадиганлар кўп-ку. Қолаверса, фақат қизлар эмас, йигитлар ҳам бор. Улардан ҳам фикр сўраш керак. Зулфияхоним билан бирга ишлаган, бир бинога кириб чиққан қанча-қанча журналистлар, техник ходимлар бор. Ўшаларни топиш керак. Улар ҳам камчилик қолишган, излаш керак…» дедим.
Туғилган куни муносабати билан ҳар йили баҳорда Зулфияхонимни эслаймиз. У ҳақида ёзамиз, тадбирлар ўтказамиз, ёд этамиз. Адиблар хиёбонидаги ҳайкали пойига гуллар қўямиз.
Аслида, Зулфия опа ҳаёт чоғида ўзларига ҳайкал қўйиб кетди. Ўлмас шеър­лари вафо, садоқат рамзи сифатида эътироф этилади бугун. Ёдлаганинг, ўқиганинг сари юракка муҳрланиб қоладиган хазина қолдириб кетди.
Талабалик йилларимизда ўқишдан сал бўшасак, газета ва журналлар таҳририятларига югурардик. Машқларимизни, қораламаларимизни олиб борардик. Муҳаррирлар бўяб-бежаб берган қораламаларимизни яна қайтадан ёзиб, таҳририятга элтардик. «Саодат» журнали ана шундай севимли мас­канларимиздан бири эди. Айниқса, бош муҳаррир Зулфия опани кўриш иштиёқи баланд бўлган. Ишга келишларини кутиб турардик. Опа ўзига ярашган виқор ва салобат билан юрарди. Биринчи марта учрашганимда, роса ҳая­жонланганман. Нима дейман, қандай гапираман, менга нима деркин, деб ўйлаганман. Йўқ, илк кўришгандаёқ меҳри ва самимияти йўл очиб берди.
Хатларимни онамга элтиб берадиган китоблик почтачи Сония опа ҳақида мақола ёзгандим. Кичкина бўлсаям, мақолам опанинг эътиборини тортганидан, аниқроғи, эътибор қилганидан ва мени йўқлатганидан бошим осмонга етди.
«Саодат» журналига жудаям кўп хатлар келарди. Дарсдан бўш пайтимизда келиб, хатларни саралашда ёрдам берардик. Айримларини ўрганиб ҳам келардик. Шунинг учунми, бир бўлимда иш ўрни бўшагач, мени ҳам тавсия қилишди.
Суҳбатдан ўтиш учун Зулфияхонимни қабулхонада кутиб турдим. Опа ўзларига хос салобат билан кириб келди. Сочлари бир текис, бўйнидаги рўмол бирам ярашган. Саломимга алик олиб, хонага кириб кетди. Одоб юзасидан бироз кутиб турдим. Киришга ишора бўлгач, ичкарига йўналдим.
Опа рўпарамдаги стулга келиб ўтирди. Аввал журналдаги чиқишларимга тўхталди. Кейин онам, уйдагиларим ҳақида сўради. Мен ишламоқчи бўлган бўлимда иш кўплиги, бунинг учун ҳали ёшлигим, ҳаётий тажрибам етарли эмаслигини таъкидлаб, журнал саҳифаларида тез-тез чиқишлар қилиб туришимни тайинлади. Шу-шу, журналдан узилмадим…
Ҳаётимда, ижодимда Зулфияхонимнинг улкан ўрни бор.

Инобат ОЙДИН,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси