Жорий йил 5 март куни ижтимоий тармоқларда Фарҳод Mittivine номи билан танилган Фарҳод Маннопов бурнидаги жароҳат сабаб жарроҳлик амалиёти ўтказгани ва операциядан сўнг кома ҳолатидан чиқа олмагани ҳақида хабарлар тарқалган эди.
Бош прокуратура берган маълумотга кўра, Тошкент шаҳар Чилонзор тумани прокуратураси томонидан Фарход Маннаповнинг вафот этганлиги юзасидан текшириш ўтказилди.
Текширув натижаларига кўра, ҳолатга алоқадор шахсларни батафсил сўроқ қилиш, кўп вақт талаб қилинадиган мураккаб экспертизалар тайинлаш ва бошқа бир қатор тергов ҳаракатларини ўтказмасдан қонуний тўхтамга келиш имкони йўқлиги сабабли Жиноят кодексининг 116-моддаси (Касб юзасидан ўз вазифаларини лозим даражада бажармаслик) 4-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилди.
“Ишонч” газетаси таҳририяти жамоаси марҳумнинг яқинларига чуқур таъзия изҳор этиб, ҳамдардлик билдиради.
