Бир муддат олдин ҳбир нечта давлатларда турли бузғунчи ва адоват ғояларини тарғиб қилувчи “Рёдан” ҳаракати Тошкент шаҳрига кириб келгани ва ўз гуруҳини ташкил этгани ҳақида хабар берилган эди.
Жорий йил 5 март куни пойтахт ИИББ ушбу гуруҳга аъзоликда гумонлаб Яшнобод тумани ИИО ФМБга олиб кетган.
Маълум қилинишича, “Рёдан” ҳаракати аъзоларига тегишли бўлган телеграм каналда улар томонидан соат 18:00 да Тошкент шаҳридаги Форумлар саройи олдида йиғилиш ўтказилиши ва пневматика, совуқ қуроллар, ўқотар қуроллар билан қуролланиб келишлиги ҳақида хабар чиқарилган. Мазкур хабарларни текшириш ва жамоат тартиби бузилишини олдини олиш мақсадида Тошкент шаҳар ИИББ махсус тезкор-профилактик тадбир ўтказган.
Тадбир доирасида Форумлар саройи олдида 50 га яқин вояга етмаганлар тўпланганлиги аниқланиб, улар Яшнобод тумани ИИО ФМБга олиб борилган ва профилактик суҳбат ўтказилган. Ўрганишлар жараёнида 9 нафар вояга етмаган шахслар ижтимоий тармоқлардаги “Рёдан” каналига аъзолиги аниқланган. Қолган барча вояга етмаган шахслар шу куннинг ўзида ота-онаси ёки яқинлари билан бирга уйига қўйиб юборилган.
Оммавий тартибсизликни, диний, миллий, этник адоватни тарғиб қилувчи хабарларни тарқатган шахсларни аниқлаш юзасидан Тошкент шаҳар иибб томонидан текширув ўтказилмоқда.
Пойтахт ИИББ, яна бир бор ота-оналарни “Рёдан” ҳаракати бузғунчиликларидан огоҳлантирилмоқда.
“Хабарингиз бор, ҳозирда ижтимоий тармоқлар орқали ахборот хуружи авж олмоқда. Турли оқимларнинг пайдо бўлиши кетидан, ғаразли ниятдаги шахслар бу оқимларни бошқаришга, бузғунчи ғояларни тарғиб қилишга, аҳоли орасида адоват ва воҳима уйғотишга ҳаракат қилмоқда. “Редан” ҳаракати аъзолари томонидан тарқатилган хабарлар ва шу мазмундаги бошқа хабарларнинг барчаси Ички ишлар органлари томонидан текширилади, ҳар бир ҳолат ўрганилади ва қонуний баҳо берилади.
Ҳурматли ота-оналар, фарзандларингиз нималар билан бандлиги ва уларнинг қизиқишига эътиборли бўлинг, билиб-билмай оммавий тартибсизликларни ва бузғунчи ғояларни тарғиб қилувчи оқимларга қўшилиб қолмаслигини назорат қилишингизни сўраймиз”, – дейилади расмий ахборотда.
