Бугунги кунда прокуратура органлари томонидан жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш, жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, умуман, соҳага доир барча йўналишларда аҳамиятли ўзгаришлар қилинмоқда.
Айни вақтда прокурор назорати фаолияти айбдорларни топиб жазолашга эмас, балки тизимдаги муаммо ва камчиликларни аниқлаб бартараф этишга йўналтирилаётгани барчамизга маълум. Прокуратура органи ходимлари халқ оғирини енгил қилиш, йиллар давомида тўпланиб қолган муаммоларни ҳал этиш, аҳоли фаровонлигини таъминлаш каби давлатимиз раҳбари белгилаб берган вазифаларни самарали амалга оширишда нафақат назорат ўрнатмоқда, балки бу ишларда яқин кўмакчи ва ташаббускор ҳам бўлаётир.
Аёл бўлса-да барча прокуратурадек машаққатли касбнинг заҳматларига чидаб, эркаклар билан тенг сафда жиноятчиликка қарши курашиш ҳамда қонунийликни таъминлашга ўзининг муносиб ҳиссасини қўшаётган ва хизмат вазифаларини намунали бажараётган Яккасарой туман прокурори Нилуфар Аллаберганова билан интервью уюштирдик. Суҳбатдошимиз 28 йилдан бери ушбу тизимда ишлаб, ёш мутахассисларга ўрнак бўлмоқда.
Яширмайман, суҳбат аввалида прокурорлар «кўпам очилавермайди», журналист билан бемалол гаплашмайди деган хаёлда эдик. Якунда эса фикримиз ўзгарди.



