Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига!
Одам тузсиз яшай олмайди. Тузда етарлича йод бўлиши эса бизнинг минтақа учун ҳаётий зарурат. Ҳаммаси тушунарли. Бироқ дўконларда сотилаётган тузларнинг ҳар бирида «ЙОДЛАНГАН» деган ёрлиққа кўзимиз тушади ва хотиржам харид қилиб, истеъмол қиламиз. Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш маркази Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси хабари асосида тарқатган қуйидаги хабарига эътибор беринг:
Ўзбекистонда 22 номдаги ош тузи талабга жавоб бермайди. Етарлича йодланмаган ош тузлари қуйидагилар: «Идеал», «Дунё», «Саховат», «Кафолат», «Сафо», «Озода-уз», «Барака», «Ошпаз», «Орол», «Ягона ишонч», «Сафир», «Зарафшон кумуш тузи», «Салина», «Азия», «Мелкая», «Ош тузи» ва «Файзли».
Буёғи қандоқ бўлди? Ахир ош тузи маҳсулотини ишлаб чиқариш, сотиш аввалида унинг таркиби, сифати ва истеъмолга яроқлилигини текширадиган, бунга рухсат берадиган ташкилот қани? Демак, бу ҳам коррупциями? Қонунлар ва уларнинг ижросини назорат қилувчиларимиз бундай ҳолатларда нега жим? Ёки ҳаммаси битта занжирми?
Таҳририят Бош прокуратура мутасаддиларидан ушбу масалани обдон ва таҳлилий ўрганишни ҳамда ўрганишлар тафсилотларини кенг истеъмолчилар оммасига етказишларини сўраб қолади.
