Чорвачиликдаги боқий таомиллар тарафдори эди

57

Мен Мирзон Нурбоевни аввалига «айтгани айтган, дегани деган» раҳбар сифатида таниганман. У катта расмий йиғилишларда ҳам оғзини тўлдириб, аждодларига хос, уруғлари лаҳжасига мос ўзбекона жўқчи шевасида гапирар, ҳар бир масалага ўз нуқтаи назаридан ёндашарди. Шунданми, дастлаб туман газетасида иш бошлаган кезларим кўзимга ўзбилармон, бетгачопар, қаҳри қаттиқ бошлиқ бўлиб кўринган. Кейинчалик билсам, у аслида қатъиятли, уддабурон раҳбар, қўйни қийидан танийдиган ҳақиқий чорвадор, оддий чўпондан қоракўлчилик соҳасининг арбоби даражасига кўтарилган ажойиб инсон экан. Дадил-ўктам гапиришларининг сабаби зиммасидаги вазифани қойиллатиб қўйгани-ю, ўзининг ҳам, ўзганинг ҳам ҳақига бийлиги экан.

У раҳбарлик қилган даврда «Қизилча» давлат наслчилик хўжалигида қўй-қўзилар сони уч баробарга кўпайиб, олтмиш мингга етган. Ярмидан ортиғи маҳсулот берадиган она қўйлардан иборат бўлган.
Мирзон Нурбоев қоракўл қўйлари зотини яхшилашга ҳам катта ҳисса қўшган. 1971 йили бир гуруҳ олим ва мутахассислар билан бирга қоракўл терининг махсус «сур» типини яратишдаги иштироки учун собиқ Иттифоқ Қиш­лоқ хўжалиги вазирлигининг муаллифлик гувоҳномаси билан тақдирланган. Хўжаликнинг оламга машҳур кўк барра териларининг асосий харидори давлат бўлиб, улардан ҳарбийлар бош кийимлари тикилган.
Жамоа аҳли гўшт, жун ва бошқа чорва маҳсулотлари етиштириш режаларини ҳар доим ошириб бажариши натижасида хўжаликнинг иқтисоди бақувватлашган, бора-бора миллионер хўжалик номини олган. Бунда мутахассислар ишбилармонлиги ва қобилиятига қараб танланиши муҳим аҳамият касб этган. Ҳудуддан республика миқёсида машҳур кўплаб чорвадорлар сулоласи етишиб чиққан. Шунинг учун ҳам яйлов чорвачилигида хусусий тадбиркорликнинг намунавий шакли – оила пудрати биринчи бўлиб шу ерда ташкил этилган. Унда таж­риба-таянч хўжалиги сифатида илк кенгаш ва семинарлар ҳам ўтказилган.
Мирзон Нурбоев 1972 йил октябридан 1992 йилгача, яъни пенсияга чиққунга қадар биринчи раҳбар сифатида фаолият юритди. Ўтган давр мобайнида у бошқарган хўжалик собиқ Иттифоқдаги турдош хўжаликлар ўртасида муттасил 13 йил белгиланган шартлар бўйича ғолиб бўлди. Халқ хўжалиги ютуқлари кўргазмасининг биринчи даражали дипломлари билан тақдирланиб, олий мукофотларга эришди. Чорвадорлар машиналар ва рағбатлантирувчи совғалар билан тақдирландилар. Ҳар йили ўнлаб чўпонлар касаба уюшма йўлланмаси билан курорт ва санаторийларда дам олди. Ёзги таътил пайтлари мактаб ўқувчилари хўжалик ҳисобидан машҳур шаҳарларга саёҳатларга юборилди. Олий ва ўрта таълим муассасаларида таълим олувчиларга оталиқ ёрдамлари кўрсатилди. Мактаб ва боғчалар ҳомийликка олинди.
Хўжаликда 3 та ўрта мактаб, 350 ўринли болалар боғчаси, чўпонлар болалари учун 140 ўринли интернат-мактаб, 50 ўринли шифохона, 500 ўринли клуб, маъмурий бино, чорвадорлар учун жами ҳажми 8 минг квадрат метр бўлган шинам уй-жойлар ва ­бошқа маданий-маиший объектлар қурилди. Барча отарлар изчил равишда электр энергияси ва ичимлик сув билан таъминланди. Бу ишлар қоракўлчиликдан орттирилган даромадлар эвазига амалга оширилди.
* * *
1991 йили Мирзон ака кичик ўғлини уйлантирди ва ўзининг олтмиш ёшини нишонлади. Тўй ва юбилей тадбири куни «Қизилча» хўжалигининг наслчилик бўйича тажрибасини ўрганиш ва амалиётга татбиқ этиш масалаларига бағишланган республика семинари бўлиб ўтди.
Нуфузли анжуманнинг бу ерда ўтказилиши бежиз эмасди. Нурота қоракўлчилик борасида узоқ тарихга эга диёр ҳисобланади. Масалан, дастлабки ғишти Абул Ҳасан Нурий (VIII-IX асрлар) замонида қўйилган Чашма бўйи­даги Чил­устун жомеъ масжиди XVI асрда Бухоро хони Абдуллохон томонидан қайта тикланади, Эшони Судур-Турсунхожа эса 1906 – 1912 йилларда уни мутлақо янги андазада қайта қурдиради. Сарфу харажат учун ­омборда сақланаётган беш мингта асл қоракўл терини Бухоро ва Петербург орқали Париж­га жўнаттиради. Тўқсон-юз кун деганда қурилиш харажати нақд бўлади. Ёки бошқа мисол. Шўролар замонидан тўрт нафар нуроталик чорвадор – Норбой Эргашов, Абдуназар Умаров, Аввалбек Умаров ва Жумабек Ўразбаев «Меҳнат қаҳрамони» фахрий унвони соҳиби бўлган.
Семинарда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва вилоят мутасаддилари, қишлоқ хўжалиги, қоракўлчилик ва чўл экологияси илмий-тадқиқот институтлари, турли вилоятлардаги қоракўлчиликка ихтисослашган хўжаликлар вакиллари ҳамда бошқа меҳмонлар қатнашдилар. Зеро, юбилей ва тўйни семинар кунига мўлжаллашдан мақсад яқин-йироқдаги дўсту биродарларга ­шукрона дастурхони ёзиш эди.

* * *

Мирзон Нурбоев пенсияга чиққач, кўп ўтмай ишини топшириб, «Нурота» хўжалиги маркази бўлмиш Темирқовуқда яшовчи қариндошлари ёнига кўчиб ўтди. Мен уни йўқлаб, уйига бориб турардим. Мазмунли суҳбатларини хуш кўрардим. Бир куни бир жилмайди-да, шеър ўқиди:

Донишманд дедики, осонни кутма,
Имкондан ортиқ бир имконни кутма.
Дарёдан дарёни талаб айлагил,
Ва лекин ҳеч қачон уммонни кутма.

Сўнгра давом этди: «Бу Абдулла шоирди калласи тўла ақл. Жозғанини пўчоғи жўқ, бари мағиз. Қара, осонди кутма дияпти. Нима бўған ҳайранман, бугун катта-кичик кўпчилик осонди остидан, қийинди устидан журсам дияпти. Тўқсан уч-тўқсан тўртларда қанча мол жабирдан сотилиб кетганини эсласам, ҳали-ҳали журагим жизиллайди. Нима эмиш, қўй боққандан кўра четдан гўш сотиб оса орзонмиш. Шу гапти чиғарған қайси юз минан ишлаган бўса?.. Бизар кўп қийинчилиқ кўриб катта бўғанмиз. Ҳанови уриш жиллари – ўн-ўн бир жошимдан қўй боққанман. Қорин бир кун тўйса, икки кун тўймағич эди. Жаров эркак фронтга кетган, қора меҳнатти бари қотин қалажу ўсмирға қоған давр эди. Қишлар овур келайди. Молди бўридан, совуқтан қўриб, кечалари қўтонди ичида, қийди тўшак қиб жотардиқ. Уст-бошда жаров жўқ. Совуқдан қолтироб қўйди нурисини ичига кириб кетгич эдим …».
У чуқур хўрсиниб, оғир тин олди ва бармоғи билан кўзини сийпалади. Суҳбатимиз анча чўзилди. Фикру ўйлари чорванинг эртаси бўлиб, бу соҳа хусусийлаштирилгандан кейин нималар бўлишини, хусусан, наслчилик ишларига эътибор қандай кечишини ўз тасаввурида баён этди. Туёқ сони сақланиб қолиши мумкинлигини, бу чорванинг сирти эканлигини, аммо қад­ру қимматидан чўчишини шикаста товушда сўзлади. Чорва чорвадорга берилиши кераклиги, бу соҳага унинг кўчасидан ўтмаган кишилар эга чиқса, молнинг яхшиси бозор ва қассоб қўлига ўтиб кетишидан хавфсираб гапирди. Шароф Рашидов вақти-вақти билан ўзини чақиртириб, чорва ва чўпонларнинг шарт-шароитларига, наслчилик ишларига обдон қизиққанини, унинг таклифларини инобатга олганини ҳам гапириб берди. Пировардида асл муддаога ўтиб, айтганларини бир ҳужжатли телефильм­­га жамлаш орзусида эканини айтди…
Афсус, Мен Мирзон Нурбоев айтган ишни қилолмадим. Бу эса бир неча орден-медаллар билан мукофотланган, хизмат кўрсатган қишлоқ хўжалиги ходими ва хизмат кўрсатган чорвадор фахрий унвонларига лойиқ кўрилган, саккиз йил Ўзбекистон Марказий фирқа қўмитаси аъзоси бўлган инсоннинг кўнглида армон бўлиб қолди.

* * *

2001 йили Мирзон ака ҳаж ибодатини адо этиб келди. У билан сўнгги бор 2009 йили Нур­ота шаҳридаги замонавий уйлардан бирини олгани муносабати билан кичик тадбир ўтказганда учрашдим. Меҳмонлар тарқалгач, мендан фильм ҳақида сўради. Тўғрисини ­айтдим, «Катта маблағ сарфланар экан, уни буюртмачи тўлаши лозим экан», дедим.
Мирзон ака анча вақт жим қолди. Нафасини бироз ростлаб олгач, дона-дона қилиб оҳиста гап бошлади ва айтганларини дафтаримга ёзиб олишимни сўради. Бундан кейин чорвачиликка ҳам тадбиркорлар эгалик қилишини, бироқ улар бу йўналишни тўлиқ ўзлаштириши учун анча вақт зарурлигини таъкидлади. Ўтган асрнинг тўқсонинчи йиллари бошларида қўйчилик борасидаги амалиёт илк синов бўлганини, қиш­лоқ хўжалиги раҳбарининг «Қўй боқиб, гўшт ишлаб чиқаргандан кўра, бошқа давлатлардан тайёр гўшт ва гўшт маҳсулотларини сотиб олишимиз арзонга тушади» деган гапи қанчадан-қанча қўй-қўзилар арзон нархларда сотилиб кетишига сабаб бўлганини ачиниш ила эслади. Давлат қарамоғи ва таъминотидаги мол-мулклар хусусийлаштириш жараёнининг биринчи босқичида уюшмалар ихтиёрига берилгач, тайёр нарсани олиб ўрганган хўжалик раҳбарлари довдираб қолишганини, хусусийлаштириш тўлиқ амалга ошгунича яна нималардир бўлиши мумкинлигини, асосий хавф мол-мулк чорва жонкуяри қўлига эмас, нияти пул топиш бўлган корчалонга ўтиб кетишида эканлигини, зооветеринария мутахассислари мардикорга айланиб қолиши эҳтимоли борлигидан чўчишини ҳам яширмади. Ер, сув, иқлим, шарт-шароит ҳар хил эканлиги боис чет элникидан кўра, аждодларимиз тажрибасини ўрганиб, амалиётга жорий этиш афзаллигини уқтирди.
Мирзон аканинг айтишича, қоракўл зотли қўйларнинг асл ватани Қизилқум. Улар йил давомида чўл, чала чўл ва қуруқ даштларда, яйловларда боқилади. Ўнинчи асрда юртимизда бўлган араб сайёҳи Ибн Ҳавқал аждодларимиз қимматбаҳо тери берадиган қўй боқишганини битиб қолдирган. Ундан кейин яшаган бухоролик Наршахий эса бу ҳақда анча батафсил маълумотлар берган. «Бухоро тарихи» китобида шаҳар атрофидаги қишлоқларда тайёрланадиган жингалак гулли сур териларга талаб катта эканлиги, ўша кезларда қоракўлни араби қўй дейишгани ҳақида ёзган.
– Мен бу машҳур қоракўл қўйлари қай даражада сақланиб қолганини аниқ билмайман, – деди Мирзон ака афсусланиб. – Уларни табиатимиз ва иқлимимизга мослашмаган қўй ёки қўчқорлар билан чатиштириб, кимлардир олим мақомига эришгандир, аммо бундан чорвачилик тайинли наф кўрмади. Ўтмишдаги хатоларимиз етарли бўлса-да, бир вақтлар сон ортидан қувиб, СЖКга оммавий тарзда ёпишдик.
1940 йили академик Заводовский бия қонидан сиворотка (зардоб), яъни СЖК тайёрлади. У оламшумул кашфиёт деб эътироф этилди. Амалиётда қўлланилгач, қўйлар ёппасига икки-учта, ҳатто, ундан ҳам кўп туға бошлади. Олдинлари яйлов шароитида тирик вазни 50 килограммдан ортиқ бўлган қўйлар ҳар қанча эмланиб, бўрдоқига боқилмасин, вазни 40 килограммга ҳам етмай қолди. Ёки қоракўл терини олинг: унинг юзаси сатҳи нормадаги 1200 квадрат сантиметр ўрнига, аксариятиники 800 квадрат сантиметрга тушди. Ўлик туғиладиган қўзилар сони кескин кўпайди. Охир-оқибат халқаро бозорга чиқолмай қолдик. Давлат харид нархи ҳам пасайиб кетди.
Мирзон Нурбоев шундай дея жимиб қолди. Сал ўтиб, менинг борлигимни сезмагандай, ўзича нималардир деди. Кейин елкамга қўлини қўйиб, деди:
– Кино бўлмаса бўлмас, айтганларим эса сенга омонат. Сен уларни ёз, токи дардим ичимда кетмасин…

Суюндик Мустафо НУРОТОИЙ,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси