Шу йилнинг 1 апрелидан эътиборан Тошкент ва Нукус шаҳарларида, вилоятлар ҳамда туманлар марказларида максимал тезлик соатига 70 километрдан 60 километрга туширилади.
2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини «Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили»да амалга оширишга оид давлат дастурига асосан, йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасини “шаҳар автомобиллар эмас, пиёдалар учун” ғояси асосида ислоҳ қилиш кўзда тутилган.
Дастлаб дастур лойиҳасида тезликни барча аҳоли пунктларида 60 км/соатга тушириш таклиф этилган эди. Якунда янги чеклов фақат Тошкент, Нукус ҳамда вилоят ва туман марказларига тааллуқли бўлиши ва 1 апрелдан кучга кириши белгиланди.
Давлат дастурига кўра, 2023 йил 1 декабрдан бошлаб транспорт воситаси эгасига транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқи ўтказилган шахс билан биргаликда тегишли ҳуқуқни белгиловчи ҳужжатни (ишончнома ва бошқалар) тақдим этган ҳолда, давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати органларини транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқини ўтказгани ҳақида хабардор қилиш ҳуқуқи берилади.
Хабарнома олинган кундан бошлаб ваколатли орган томонидан Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг Ягона автоматлаштирилган ахборот-таҳлил тизимига тегишли ўзгартиришлар киритиш ҳамда ушбу транспорт воситасида содир этилган йўл ҳаракати қоидалари бузилгани учун бошқариш ҳуқуқи ўтказилган шахсга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштириш тартиби жорий этилади.
