Сўранг, жавоб берамиз. Иш ҳақи сақланмайдиган таътил қандай ҳолларда берилади?

100

САВОЛ:

«Ishonch» газетасининг аввалги сонларидан бирида янги таҳрирдаги Меҳнат кодексида ҳақ тўланадиган асосий меҳнат таътилларига оид янгиликлар ҳақида батафсил маълумот берилган эди. Иш ҳақи қисман сақланадиган ва сақланмайдиган таътиллар бериш бўйича ҳам ўзгаришлар борми?

Умид АРСЛОНОВ Ғузор тумани

ЖАВОБ: Ҳақиқатан ҳам жорий йилда қонуний кучга кирадиган Меҳнат кодексида иш ҳақи сақланмайдиган меҳнат таътилларини беришга оид бир қатор янги қоидалар кўзда тутилган. Хусусан, қонунда ходимга иш ҳақи қисман сақланадиган таътил бериш белгиланган.  

Жамоа келишувлари, жамоа шартномаси ёки меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларда ­(кейинги матнларда – локал ҳужжатлар деб юритилади), улар мавжуд бўлмаганда эса меҳнат шартномасида ходимга иш ҳақи қисман сақланадиган таътил бериш имконияти назарда тутилиши ва бундай таътилнинг календарь йил давомидаги энг кўп давомийлиги белгиланиши мумкин.

Ходимга иш ҳақи қисман сақланадиган таътил бериш ва унинг давомийлиги тўғрисидаги масала ҳар бир муайян ҳолда меҳнат шартномаси тарафларининг келишувига кўра ҳал этилади. Ходимнинг унга бундай таътил берилишига розилиги иш берувчига ёзма ариза бериш орқали билдирилади.

Локал ҳужжатларда ёки меҳнат шартномасида иш берувчи ходимнинг илтимосига кўра унга иш ҳақи қисман сақланадиган таътил бериши шарт бўлган ҳоллар назарда тутилиши мумкин.

Ходимнинг қисман сақланадиган иш ҳақи миқдори ва ҳар йилги меҳнат таътилини олиш ҳуқуқини берадиган иш стажига иш ҳақи қисман сақланадиган таътилни қўшиш ёки қўшмаслик тўғрисидаги масала локал ҳужжатларда, улар мавжуд бўлмаганда эса меҳнат шартномасида белгиланади. Бунда ходимнинг сақланиб қоладиган иш ҳақи миқдори қонунчиликда белгиланган меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдоридан кам бўлиши мумкин эмас. Агар ходим иш ҳақи қисман сақланадиган таътилда бўлган даврида меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори оширилган бўлса, унга кўра ходимга тегишли иш ҳақи миқдори қайта ҳисоб-китоб қилиниши керак.

Шунингдек, иш ҳақи сақланмайдиган таътил тушунчаси ва уни беришнинг умумий тартибига ҳам бирмунча ўзгартириш киритилган. 

Иш ҳақи сақланмайдиган таътил деганда ходимнинг иш ўрни (лавозими) сақланиб қолган ҳолда ҳақ тўланмайдиган таътил тушунилади. Ходимнинг ёзма аризасига кўра унга иш ҳақи сақланмайдиган таътил берилиши ҳам мумкин бўлиб, унинг давомийлиги ходим ва иш берувчи ўртасидаги келишувга биноан белгиланади, лекин у иш ҳақи сақланмайдиган охирги таътил берилган кундан эътиборан календарь йил давомида узлуксиз ёки жамланган ҳолда уч ойдан ошмаслиги керак.

Агар қонунчиликда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, карантин чоралари амалга оширилаётган, фавқулодда ҳолат жорий этилган даврда ва бутун аҳолининг ёки унинг бир қисми ҳаётига ёхуд нормал яшаш ­шароитларига таҳдид солувчи бошқа ҳолларда ходимнинг ёзма аризасига кўра иш ҳақи сақланмайдиган таътилнинг узлуксиз ёки жамланган давомийлиги кўпайтирилиши, бироқ у кўпи билан олти ойгача бўлиши мумкин.

Булардан ташқари, ходимнинг хоҳишига кўра иш ҳақи сақланмайдиган таътил қуйидагиларга мажбурий тартибда берилиши белгиланган:

– 1941-1945 йиллардаги уруш қатнашчиларига ва имтиёзлари бўйича уларга тенглаштирилган шахсларга – ҳар йили ўн тўрт календарь кунгача;

– I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга – ҳар йили ўн тўрт календарь кунгача;

– икки ёшдан уч ёшгача бўлган болани ҳақиқатда парваришлаётган ота-онасидан бирига (васийсига), бувисига, бобосига ёки бошқа қариндошига;

– ўн икки ёшга тўлмаган икки ва ундан ортиқ нафар болани ёки ўн олти ёшга тўлмаган ногиронлиги бўлган болани тарбиялаётган ота-онасининг бирига (ота-онанинг ўрнини босувчи шахсга) – ҳар йили ўн тўрт календарь кунгача;

– қонунчиликда ва меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларда, шунингдек, меҳнат шартномаси шартларида назарда тутилган ҳолларда бошқа ходимларга.

 Ҳуқуқ ва халқаро  ҳаёт бўлими