Оpen budget нинг баҳоси қанча?

70

Деҳқон бозорини биламиз. Яна кийим-кечак, мол бозорлари ҳам бор. Тахта, темир-терсак сотаётганларни ҳам кўрганмиз. Аммо шу пайтгача овоз сотувга чиқмаганди. Не бахтки, шу кунларга ҳам етиб келдик.

Кечаги якшанба машҳур Жўш бозорида бўлдик. Турмуш ташвишлари билан юрган одамларга ним табассум улашаётган йигитлар эътиборимизни тортди. Тўрт-беш йигит 5 мингдан “овоз” оламиз, дея жар солаётган экан.

– Бизда “овоз” бор, аммо сизлар жуда арзон сўраяпсизлар, – дея ўзимизни гўлликка соламиз.

– Туманда саноқли мактаблардагина спорт зали бор, – дейди ўзини ўқитувчиман деб таништирганлардан бири. – Маҳалламиздаги 3 та мактабнинг бирортасида ҳам спорт зали йўқ. Болалар қачонгача кўча чангитишади? “Спорт зал” лойиҳасини илгари сурмоқчимиз. Менга бозордан 150 та овоз сотиб олиш юклатилган.

– Жами 1,5 мингта “овоз” териб келиш учун йўлланганмиз, – дея уни қўллайди шериги. – Савобли ишдан қуруқ қолманг…

Самарқанд шаҳридаги Даҳбед чорраҳасида олдига бир дунё “Кока-кола” ичимлигини қўйиб олган йигитларнинг ҳам жағи тинмайди.

– Битта овозга 2 дона “Кока-кола”, кеп қолинг…

Кечга яқин ҳамон савдони қизитаётган йигитга юзландик:

– “Овоз”лар қанча бўлди?

– Атиги 5 та, –  дейди у ҳафсаласиз.- Одамларга ҳайронман…

Ҳа, “Ташаббусли бюджет”дек хайрли лойиҳани  бозор қилиб сотиб олишга уринаётганлар оз эмас. Начора, дунёни ҳар ким ўз қаричи билан ўлчайди. Биров кўчани асфальтлаш, яна бири ичимлик суви ташвишида. Ҳайрон қоласан, киши. Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга масъул бўлган мутасаддиларнинг бу муаммолардан хабари бормикин?

Нурилла ШАМСИЕВ
“Ишонч”