Таҳлил: қонунчиликда педофилияга жазо нега енгил? Ҳуқуқ фаоллари масалага қандай қарайди?

305

Шу йилнинг февраль ойида Янгиҳаёт туманида 12 ёшли қиз зўравонлик қурбонига айланган эди. Энди эса Хоразмдаги оилавий меҳрибонлик уйи қизлари педофиллардан жабр кўргани юзага чиқди. Ҳодисанинг мудҳиш томони – жиноятни Хоразм вилояти адлия бошқармаси ва туман фавқулодда вазиятлар бўлими раҳбарлари содир қилган.

Уларга енгил жазо тайинлангани, яъни бор-йўғи бир ярим йил мобайнида 22:00дан 6:00 гача уйидан кўчага чиқмаслик тақиқи қўйилгани миллий қонунчилик ва суд тизимида адолатга эҳтиёж борлигидан дарак бермоқда.

«Ишонч» мухбири қонунчиликда педофилия ва зўравонликка нисбатан қонунлар қанчалик адолатлилиги ҳақида бир қатор маълумотлар тўплади.
Аввало, янгиҳаётлик қизалоқ билан бўлган воқеада Адлия вазирлиги бир неча фаоллик кўрсатган эди. Фаоллар қонунларда мазкур жиноятчиликка оид моддаларни қайта кўриб чиқиш бўйича қатор таклифларни илгари сурганди.

Бироқ, орадан шунча вақт ўтса-да, сезиларли ўзгаришлар кўзга ташланмади.
Энг ачинарлиси, янгиҳаётлик қизалоқ воқеасида анча фаоллик кўрсатган Адлия вазирлиги ўз тизимидаги мансабдор билан боғлиқ жиноятда сукут сақлашни маъқул кўрган. Ваҳоланки, ҳодиса 10 ой аввал содир бўлган экан. Аммо вазирлик шу кунгача бу ҳақда лом-мим демаган.

ЎЗБEКИСТОНДАГИ ҚОНУНЧИЛИК

2021 йилда Ўзбекистонда вояга етмаган шахслар билан жинсий алоқада бўлганлик учун жиноий жавобгарликни кучайтирувчи жазо белгиланганди.
Ҳужжатга кўра, Жиноят кодексининг 128-моддасига (16 ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш) ўзгартиш киритилган. Унда 16 ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқада бўлганлик учун қайсидир маънода жазо кучайтирилгандай бўлади. Аммо жазо сифатида бор-йўғи 480 соат жамоат ишлари ёки 3 йил ахлоқ тузатиш ишлари қайд этилган. Савол туғилади: бу ўзгартишни кучайтириш деб аташ мумкинми?

ЖКнинг 118 моддасида эса номусга тегиш, яъни зўрлик ишлатиб, қўрқитиб ёки жабрланувчининг ожизлигидан фойдаланиб, жинсий алоқа қилиш билан боғлиқ айблов; ушбу жиноятга қонунда 3 йилдан 7 йилгача озодликдан маҳрум қилиш белгиланган.

Ушбу модданинг давомида ўқиймиз:
“Номусга тегиш:
а) икки ёки бир неча шахсга нисбатан;
б) такроран ёки хавфли рецидивист томонидан ёхуд илгари ушбу Кодекснинг 119-моддасида назарда тутилган жиноятни содир этган шахс томонидан;
в) бир гуруҳ шахслар томонидан;
г) ўлдириш билан қўрқитиб содир этилган бўлса, –
етти йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Номусга тегиш:
а) шахснинг ўн саккиз ёшга тўлмаганлиги айбдорга аён бўлган ҳолда;
б) яқин қариндошга нисбатан;
в) оммавий тартибсизликлар қатнашчиси томонидан;
г) ўта хавфли рецидивист томонидан содир этилган бўлса;
д) оғир оқибатларга олиб келган бўлса, —
ўн йилдан ўн беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Ўн тўрт ёшга тўлмаганлиги айбдорга аён бўлган шахснинг номусига тегиш –
ўн беш йилдан йигирма йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади”.
Аммо бу етарли жазоми?
Ушбу савол билан юридик фанлар номзоди, доцент Ғуломжон Ҳакимовга юзландик.

– ЖКнинг 128 моддасида нега енгил жазо тури белгиланган?

– Кейинги пайтларда юртимизда бу каби жиноятлар билан боғлиқ воқеалар, Жиноят кодекснинг айрим моддалари, айниқса, вояга етмаганлар билан боғлиқ жиноятларни содир этганлик учун жазо турлари такомиллаштиришга муҳтожлиги кўриниб қолмоқда.
Афсуски, бизда шундай жиноятлар учун жазолар бошқа давлатларга қараганда бирмунча енгил. Сабаби, менимча, жамият ва давлат бу турдаги жиноятларнинг нечоғли хавфли эканини ўз пайтида тўлиқ англаб етмаганида, уларга етарли аҳамият бермаганида бўлса керак.

– Жазонинг енгиллиги жиноятчиларда «осон қутуламан, жазо заиф», деган фикрларни уйғотгани учун ҳам бу турдаги жиноятлар тез-тез қайталанмаяптмикин?

– Тўғри, бу каби жазолар билан жиноятчиларнинг осон ва енгил қутулиб қолиши ҳеч гап эмас. Аммо агар малакали терговчи, судья бўлса, ҳозирги қонунчилик билан ҳам қилмишни тўғри малакалаши ва адолатли жазо тайинлаш ҳам мумкин.

Бугун жиноий жазолар тизимида ислоҳотларга эҳтиёж бор. Жамиятда бундай ҳолатларга нисбатан норозилик кучайган. Ижтимоий тармоқларда педофилларга нисбатан кастрация қилишдан тортиб, ўлим жазосини тиклашгача бўлган таклифлар бериляпти.

Бир тарафдан, Конституциямизда ўлим жазосини тақиқлаяпмиз, иккинчи тарафдан, айрим суст жазолар билан жамиятда уни тиклашга бўлган хоҳиш-истакнинг пайдо бўлишига замин яратяпмиз. Сабаби – қонунчиликдаги айрим бўшлиқлар, заифликлар ва тушунмовчиликлар.

Агар хорижий тажрибага эътибор қаратадиган бўлсак, Қозоғистон, Украина, Германия, Норвегия, Швеция, Дания, Исроил, Жанубий Корея, Франция, АҚШ сингари давлатларда кастрация қилиш амалиёти бор.
Хитой, Лотин Америкаси давлатлари, Саудия Арабистони ва Эронда эса ўлим жазоси қўлланилади.

Демократия ва инсон ҳуқуқлари институти директори Сайёра Ходжаеванинг «Ишонч»га маълум қилишича, бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун Ички ишлар вазирлиги болалар ва аёлларга нисбатан зўравонлик жиноятларига доир статистикани ошкор қилиши шарт. Ҳозирда бу маълумотлар сир сақланади.

– Агар статистика бўлса, биз ҳақиқий аҳволни билардик. Бугун дунёда 120 миллион аёл зўравонлик қурбонига айланган ва Ўзбекистонни ҳам бундан ҳоли, деб бўлмайди. Чунки биз бу борада аниқ рақамларни билмаймиз, – дейди ҳуқуқ фаоли.

Эслатиб ўтамиз, бу борадаги статистикалар ошкор этилиши кераклиги аввал ҳам кўп бор таъкидланган эди. Аммо орадан шунча вақт ўтса-да, маълумотлар сир тутиб келинмоқда.

Шунингдек, яна бир камчиликлардан бири – Ўзбекистонда педофиллар рўйхати юритилмайди. Рўйхатга олинмагач, бу каби жиноятчилар жазони ўтаб чиқиб, болалар масканларида ишлаши мумкин. Бу эса юқоридаги аянчли ҳодисаларни давомли бўлишига замин яратади. Умид қиламизки, тез орада мазкур жиноят тури бўйича қонунчиликда сезиларли ўзгаришлар рўй беради.

Мафтуна КАРИМОВА