Яқинда Стенфорд, Гонконг ва Сингапур миллий университети олимларидан иборат халқаро гуруҳ ўтказган тажриба натижасида сунъий интеллект одамларнинг онгини ўқий олиши исботланди, деб ёзади “Техкульт” нашри.
Тажрибадан мақсад – одамларга маълум суратлар кўрсатилгач, мия фаолияти тўғрисида маълумотларни олиш эди. Сунъий интеллект ушбу маълумотларни таҳлил қилиб, ўз тасвирларини яратди.
Маълум бўлишича, 84 фоиз ҳолларда нейрон тармоқ текстура ва ранг каби параметрлар бўйича асл ақлий тасвирларга мос келадиган тасвирларни ҳосил қилган. Яратилган ва оригинал суратларнинг мавзулари ҳам мос тушган.
Олимлар мияни сканерлаш машинага одам нимани ўйлаётгани ҳақида аниқ тасаввурга эга бўлиши учун етарли маълумот бериши мумкин, деган хулосага келишди.



