Қуёш панеллари учун аҳолига кредит бериладими?

303

Юртимизда яшил энергия тизимига ўтиш ҳақида анча йиллардан буён гапирилса-да, қоғозда қолиб кетаётган эди. Сўнгги қишда рўй берган аномал совуқ эса барчамизнинг кўзимизни очди. Бу муаммолар ечимини шу пайтгача ўлда-жўлда қолдириб келаётганимиз, аслида катта-кичик ташкилот-корхоналарга ҳам, аҳоли хонадонларига ҳам қуёш панеллари ва тежамкор технолгояларни жорий этиш лозимлиги маълум бўлди.

Бугун Миллий матбуот марказида “Ўзсаноатқурилишбанк” раҳбарияти иштирокида шу мавзуга бағишланган анжуман ўтказилди. Унда “Ishonch.uz” мухбири банк масъулларига “Қуёш панеллари учун аҳолига кредит бериладими? Берилса, унинг фоизи ва шартлари қандай бўлади?” деган саволлар билан мурожаат қилди.

“Ўзсаноатқурилишбанк” АТБ “Green banking” бошқармаси бошлиғи Бобур Султонмуродовнинг жавоби эса қуйидагича бўлди:

– Муассасамизда тадбиркорлар, яъни юридик шахслар учун молиялаштириш ставкаси йиллик 21 фоизли (унинг 4,5 фоизини субсидия сифатида давлат қоплаб беради), аҳоли учун эса 14 фоизли кредитлар мавжуд. Ўтган йили айни йўналишга 250 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратган бўлсак, бу йил ушбу кўрсаткич қарийб икки баробарга ошиб, 450 миллион долларга етди.

– Бирор юртдошимиз хонадонига қуёш панели ёки тежамкор технологиялар ўрнатишни хоҳласа, аввало, шундай корхонани топиб, у билан шартнома тузади ва уни бизга олиб келади. Банкимиз шу ҳужжатга асосан, фуқарога 5 йил муддатда қайтариш шарти билан олти ойлик имтиёзли даврни ўз ичига олган 150 миллион сўмгача бўлган миқдорда кредит беради.

Муҳими, биз мижозга мана бу ташкилот ёки анави тадбиркор билан шартнома тузинг, деб шарт қўймаймиз. У қуёш панели ўрнатиш билан шуғулланувчи ўзи истаган ташкилотдан ушбу жиҳозни сотиб олиш ҳақида шартнома тузиши мумкин. Мабодо, мурожаатчида бундай хизмат тури билан шуғулланувчи ташкилотлар ҳақида маълумот бўлмаса, бемалол Энергетика вазирлигидан ёки банкимиздан улар ҳақида маълумот олиши мумкин.

– Аҳоли мурожаатларидан келиб чиқиб, айта оласизми, майдони ўртача 200 квадрат метр бўлган уйга қуёш панели ўрнатиш харажатлари қанчага тушмоқда?

– Бундай хонадонга қуёш панелини сотиб олиш ва ўрнатиб бериш харажатлари 50-60 миллион сўмга тўғри келаяпти. 50-60 миллион сўм деганимизнинг боиси шундаки, қуёш панеллари мамлакатимизга турли давлатлардан ва фирмалардан олиб келинади. Уларнинг сифати ва ўзига хослигида кичик фарқлар мавжуд. Аҳоли ўз истагига қараб, улар орасидан маъқулини танлайди.

Маълумот учун айтиб ўтсак, хонадонига қуёш панеллари ўрнатилган уй эгаси ана шу панеллар эгаллаган майдон учун ер солиғи тўлашдан озод қилинади.

Зебо НАМОЗОВА
“Ishonch.uz”