Амир Темур қўшинлари таркибида аёллар ҳам жанг қилган

61

ЎзМУ доценти, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори Акбар Замонов бу ҳақда ўз фикрини билдирар экан, Амир Темур сипоҳлари таркибига, ҳарбий хизматга бир неча минг аёллар ҳам жалб қилингани ҳақида айтади. Аёл жангчиларнинг аксарияти кўчманчи уруғларга мансуб бўлган.

Бу ҳақда XV асрда яшаган суриялик тарихчи Ибн Арабшоҳ шундай ёзади: «Темур лашкарлари орасида аёллар ҳам бўлиб, улар душман билан бўлган тўқнашувларда матонат кўрсатардилар. Найза санчиш, қилич ўйнатиш ва камондан мўлжалга олишда моҳир эркаклардан кўра ҳам ортиқроқ иш қилардилар. Агар улардан бири ҳомиладор бўлиб йўлда дард тутса, дарров четга чиқарди. У тезда йиғиштириниб олгач, тағин уловига миниб жангга кирарди».

Аёлларнинг 1395 йил Тўхтамишхонга қарши Шимолий Кавказдаги Терек дарёси бўйидаги жангда ҳам маълум даражада иштирок этганлиги манбаларда ёзиб қолдирилган.

Амир Темур саройида бўлган испан эчиси Клавихонинг ёзишича, жангдан олдин Темур Тўхтамишхоннинг ҳиравули (олдинги қисм)ни янчиб Сунжи дарёсини жанг билан кечиб ўтади. Эртаси куни қулай позиция қидирган соҳибқирон Терекнинг ўнг соҳили бўйлаб юра бошлайди. Дарёнинг сўл қисмида бўлган Тўхтамишхон ўз рақибининг дарёдан ўтишига йўл қўймаслик учун қоровул ажратади ва бу соқчи қисм дарёнинг чап қирғоғи ёқалаб Темур қўшинини тинимсиз кузатиб боради. Иккала қўшин уч кун давомида шу алпозда аста-секин ҳаракат қилиб боради.

Учинчи куни Амир Темур лашкаргоҳда бўлган аёлларга дубулғалар кийишни ва жангчилар ўрнини эгаллашни, эркакларга эса иккитадан от олиб лашкаргоҳни тезда тарк этишни буюради. Қароргоҳда эркаклар кўринишида бўлган аёллардан ўзга куч қолмайди. Эркаклар қиёфасидаги «жангчилар»ни кузатишда давом этган Тўхтамишхон лашкарлари Амир Темур ва унинг асосий қўшини кечув жойига қайтганлигидан бехабар қолади. Шу тариқа, тун бўйи Амир Темур қўшини Тўхтамишхон соқчи гуруҳининг кўзини шамғалат қилиб Терек дарёсидан кечиб ўтишга муяссар бўлади.
Бу жангда Амир Темур ғалабага эришади.