Мутахасисларнинг айтишича, болалар орасида невроз муаммоларнинг ривожланиши ва кўриш қобилятининг пасайишининг асосий сабаблари замонавий ҳаёт тарзимиз билан боғлиқ.
Мобил алоқалар пайдо бўлганидан бери уларнинг саломатликка таъсири ҳақида баҳс давом этиб келади. Болалар ва ўсмирлар саломатлигига уяли телефонларнинг турли даражадаги зарарлари исботланмоқда. Шу боис Бутунжаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилоти болаларнинг уяли телефонлардан узоқ вақт фойдаланишларини тавсия қилмайди. Ўн ёшгача бўлган болалар танасининг асосий аъзолари бош мия, кўз, қулоқ, асаб ва суяк тизимлари ўсишда ҳали тўла шаклланмаган бўлади. Уяли телефон ақлий қобилиятни пасайтириб асабийлашишга олиб келади, ўқувчини ва унинг атрофидагиларни машғулотлардан чалғитади. Узоқ вақт давомида мобил қурилмалардан фойдаланиш мускуллар гипотрофияси, кўзнинг қуриб қолиши ва узоқни кўролмаслик каби бир қанча жиддий муаммоларга сабаб бўлади.
Гап шундаки, телефон ёки компьютер экранига узоқ ва давомий тикилиб туриш оқибатида болалар кўзини одатдагидан беш баробар камроқ пирпиратади. Бу эса кўзнинг олд юқори қисми қуруқлашишига олиб келади. Мутахасисларнинг фикрича, гаджетлардан узоқ вақт давомида фойдаланиш шапкўрлик муаммосини келтириб чиқаради.
UNESCO маълумотларига кўра, 3 ёшдан 5 ёшгача бўлган болаларнинг
93 фоизи ҳафтада 28 соат ёки кунига тахминан 4 соат вақтини экран қаршисида ўтказади. Ота-оналар учун фарзандини мультифильм, видео ўйинлар, смартфонлар билан чалғитиш анча қулай. Aммо, бола ташқи дунёдан узилиб қолади. Бу эса унинг руҳий саломатлигига путур етказиши мумкин. Боланинг нутқий ривожланиш даврида гаджетларга қарам бўлиб қолиши оқибатида нутқ фаолиятида нуқсонлар вужудга келади. Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, бугун дунёда 4 ёшли болаларнинг 25 фоизида нутқий нуқсонлар кузатилмоқда. Бундан 40 йил аввал бу кўрсаткич тўрт фоизни ташкил қилган. Ёшлигидан гаджетларга муккасидан кетган болаларда “концентрация етишмаслиги” деб номланадиган касаллик пайдо бўлади ва руҳий саломатликнинг бузилишига олиб келади. Концентрация етишмаслиги оқибатида бола диққатини бир жойга жамлай олмайди, бир соҳага доимий қизиқиши йўқолади, фикрлар чалғиши кучаяди.
Уч ёшдан кичик болаларга экран қаршисида ўтириш тавсия қилинмайди. 3-5 ёшдаги болалар учун эса, 15 дақиқа кифоя. Олти ёшли кичкинтойлар экран олдида 20 дақиқадан кўп туриши уларнинг соғлиғига таъсир қилади. Етти ёшдан саккиз ёшгача бўлган ширинтойлар 30 дақиқа, 10-12 ёшда 40 дақиқа, 13-14 ёшли ўспиринлар 50 дақиқадан ортиқ экран қаршисида ўтирмаслиги лозим. Гаджетларнинг ўзига хос фойдали жиҳатлари ҳам бор, албатта. Узоқ йўлда юрганингизда, кутиш вақтида вақтингизни мазмунли ўтказасиз. Стрессли вазиятларда телефондаги севимли ўйин, мультфильмлар жажжи кичкинтойларга яхши кайфият бериш мумкин. Қолаверса, замонавий гаджетларда бола онгини ўстиришга ёрдам берадиган турли хил ўйинлар, бошқотирмалар жой олган. Улардан самарали фойдаланишда ота-оналар фарзандларига ҳамфикр бўлса, нур устига аъло нур бўларди.
Мадина Пўлат қизи, «Ishonch.uz»
Сурат муаллифи: Холида Мусулмон



