«Unitel» масъулияти чекланган жамиятининг Фарғона шаҳар шарқий ҳудудий филиали корпоратив бизнесни ривожлантириш бўлими бошлиғи вазифасида ишлаб келган Дилшод Раҳмонов Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилояти кенгашига мурожаат қилиб, меҳнатга оид бузилган ҳуқуқларини тиклашда амалий ёрдам сўради.
Арзномада айтилишича, Д.Раҳмоновга «Unitel» МЧЖнинг 2022 йил 20 декабрдаги №760-к-сонли, 2023 йил 13 январдаги №25-к-сонли, 23 январдаги №46-к-сонли буйруқлари билан «ҳайфсан» интизомий жазо чораси қўлланилади ҳамда у 2023 йил 2 февралдаги №107/23-лс-сонли меҳнат шартномаси бекор қилиниши ҳақидаги буйруқ билан ишдан бўшатилади.
Мурожаат Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилояти кенгаши мутахассислари томонидан ўрганиб чиқилганда, юқоридаги буйруқлар ваколати бўлмаган ходим томонидан имзолангани маълум бўлди.
Ваҳоланки, Меҳнат кодексининг 182-моддасида интизомий жазолар ишга қабул қилиш ҳуқуқи берилган шахслар (органлар) томонидан қўлланилиши белгиланган.
Шу сабабга кўра, юқоридаги буйруқлар Меҳнат кодексининг 182-моддаси талабига зид равишда қабул қилиниб, «ҳайфсан» интизомий жазо чораси асоссиз берилгани исботини топди.
Фуқаролик ишлари бўйича Фарғона туманлараро суди томонидан «Unitel» МЧЖнинг «ҳайфсан» интизомий жазо чораси қўллаш, меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳақида қабул қилинган буйруқлари бекор қилинди.
Касаба уюшмаларининг аралашуви билан Дилшод Раҳмонов ўз ишига тикланиб, унга мажбурий бекор юрган кунлари ва маънавий зарар учун 44 миллион 800 минг сўм иш ҳақи ундириб берилди.
Авазхон ТЎРАХЎЖАЕВ,
Ўзбекистон касаба уюшмалари
Федерацияси Фарғона вилояти
кенгаши бош юрисконсульти
