САВОЛ:
Маълумки, оилада бола парвариши билан боғлиқ ишлар ота-онадан жуда кўп вақт талаб қилади. Янги таҳрирдаги Меҳнат кодексида бу борада қандай имтиёзлар кўзда тутилган?
Дилшод БОЙҚОБИЛОВ
Бўстонлиқ тумани
ЖАВОБ: Янги таҳрирдаги Меҳнат кодексида уч ёшга тўлмаган боланинг бюджетдан молиялаштириладиган ташкилотларда ишлайдиган ота-онасидан бирига (васийга) ҳафтасига ўттиз беш соатдан ошмайдиган иш вақти давомийлиги кўзда тутилган.
Иш вақтининг қисқартирилган давомийлигида ушбу ходимлар меҳнатига ҳақ тўлаш ҳар куни тўлиқ ишлайдиган ходимлар учун белгиланган миқдорда амалга оширилади.
Уч ёшга тўлмаган боланинг бюджетдан молиялаштирилмайдиган иш берувчиларда ишлайдиган ота-онасидан бирига (васийга), қисқартирилган иш вақти давомийлиги жамоа келишувлари, шунингдек, жамоа шартномаси ёки иш берувчи томонидан касаба уюшма қўмитаси билан келишилган ҳолда қабул қилинадиган ички ҳужжатларда белгиланиши мумкин.
Иш берувчи ҳомиладор аёлнинг, ўн тўрт ёшга тўлмаган (ўн олти ёшга тўлмаган ногиронлиги бўлган) боланинг ота-онасидан бирининг, шунингдек, оиланинг бетоб аъзосини парваришлашни амалга ошираётган шахснинг илтимосига кўра, уларга тиббий хулосага мувофиқ тўлиқсиз иш вақти белгилаши шарт.
Ўн олти ёшга тўлмаган ногиронлиги бўлган болани тарбиялаётган ота-онадан бирига ойига қўшимча бир дам олиш куни берилиб, давлат ижтимоий суғурта маблағлари ҳисобидан шу вақт учун бир кунлик иш ҳақи миқдорида нафақа тўланади.
Болани парваришлаш таътилидан фойдаланаётган ходимга йиллик меҳнат таътили, унинг хоҳишига кўра, бола парваришлаш таътилидан олдин ёхуд ундан кейин берилади.
Ўн тўрт ёшга тўлмаган бир нафар ва ундан ортиқ болани (ўн олти ёшга тўлмаган ногиронлиги бўлган болани) тарбиялаётган ёлғиз отага, ёлғиз онага (бева эркакларга, бева аёлларга, никоҳдан ажрашганларга, ёлғиз оналарга) ва муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган ҳарбий хизматчиларнинг хотинларига йиллик меҳнат таътиллари, уларнинг хоҳишига кўра, улар учун қулай бўлган вақтда берилади.
Ўн икки ёшга тўлмаган икки нафар ва ундан ортиқ боланинг ёки ўн олти ёшга тўлмаган ногиронлиги бўлган боланинг ота-онасидан бирига ҳар йили давомийлиги камида тўрт календарь кун бўлган ҳақ тўланадиган қўшимча таътил, шунингдек, ҳар йили иш ҳақи сақланмаган ҳолда давомийлиги камида ўн тўрт календарь кун бўлган таътил берилиши ҳам белгилаб қўйилган.
Кодексда булардан ташқари бошқа бир қатор кафолатлар ва имтиёзлар ҳам кўзда тутилган.
