Ҳокимларнинг “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги қонунга риоя этмаслик ҳолатлари тез-тез кўзга ташланмоқда. Аммо бунинг учун бирор амалдорнинг жавобгарликка тортилгани жамоатчиликка маълум эмас.
Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчи Шавкат Умурзоқов айни лавозимга тайинланганидан буён имзолаган 35 та қарорнинг деярли ярми ахборотдан фойдаланувчилардан яширилганлиги ҳақида бонг урилмоқда. Жумладан, жамоатчилик 12−14 апрель кунлари ҳоким томонидан қабул қилинган 14 та қарорнинг 71,4 фоизи билан танишиш имконига эмас.
Бу мавзу матбуотда биринчи маротаба кўтарилаётгани йўқ. Хусусан, “Ishonch” газетасининг 2023 йил 2 февраль сонида “E-qaror”даги беқарорликлар” сарлавҳали мақола эълон қилиниб, унда ҳокимларнинг ёпиқ эшиклар ортидаги қарорлари маҳаллий бюджет маблағларининг бемақсад совурилиши ҳамда манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилиши эҳтимолини кучайтираётганлиги савол остига олинганди. Орадан кўп ўтмай, мақолага Адлия вазирлиги муносабат билдирди. Унда электрон тизим – e-qaror.gov.uz платформасида маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан қабул қилинадиган қарорларнинг ҳар бирини эълон қилиш ёки қилмаслик масаласини кўриб чиқиш ҳуқуқи қонунчилик талабига асосан фақатгина ҳужжатни қабул қилган шахс – ҳоким (кенгаш раиси)га берилганлиги қайд этилади.
Тўғри, тизимда омма учун тўсиқ қўйилиши керак бўлган ҳужжатлар тури белгилаб қўйилган. Улар асосан шахсга доир ёхуд хизмат доирасидагина фойдаланиш мумкин бўлган қарорлардан иборат. Яъни амалдаги тартибга кўра, мазкур турдаги ҳужжатларга қизил рангда “шахсга доир маълумотлар, васийлик ва ҳомийлик ёки амалдаги қонунчиликка мувофиқ бошқа турдаги фойдаланиши чекланган ахборот мавжудлиги туфайли яширилган” деган жумлалар билан изоҳ берилади ва улардан сиз-у биз фойдалана олмаймиз.
Бироқ кейинги пайтларда электрон тизим “лолазор”га бурканиб, жамоатчиликдан сир тутилаётган қарорлар сони тобора кенгайиб бораётир. Жорий йил бошидан 17 апрелга қадар тизимга жойлашган ҳужжатлар таҳлилига кўра, қарорларни беркитиш амалиёти Қашқадарё ва Наманган вилоятларида мос равишда 9,2 ҳамда 9,5 фоизни ташкил этган. Яъни бу бошқа вилоятларга нисбатан анча яхши натижа. Навоий вилояти ҳокимлигида эса бошқа ҳудудларга қараганда энг очиқ ҳокимлик сифатида айни кўрсаткич 7,1 фоизни ташкил этмоқда. Бундан кўринадики, аксар қарорлари электрон тизимда эмас, йиғма жилдлардагина сақланаётган ҳоким биргина Шавкат Умурзоқов эмас.
Аслида, гап яширилаётган қарорларнинг сонида ҳам эмас, балки ҳужжатларни очиқ ва ёпиқ тоифасига ажратиш билан боғлиқ амалиётнинг иккиёқламалигида. Яъни тизимни синчиклаб кузатсангиз, васийлик, ҳомийлик ва шахсга доир бошқа маълумотлар акс этган қарорларнинг жуда кўп қисми очиқ ҳолатда турибди. Ҳатто айрим ҳужжатларнинг иловалари орқали уларда номлари зикр этилган кишиларнинг шахсий маълумотлари, ҳатто яшаш манзилларигача кўришимиз мумкин. Аксинча, молия-иқтисод йўналишидаги, бюджет сарфи билан боғлиқ қарорларга эса аксарият ҳолда “шахсга доир” тамғаси билан фойдаланиш учун чеклов қўйилмоқда. Аввал ҳам ёзилганидек, Бухоро вилоятининг маҳаллий бюджетини тасдиқлаш тўғрисидаги маҳаллий кенгаш қарорининг яширилиб, оммавий ахборот воситаларида бонг урилгач, фойдаланиш учун очиб қўйилганининг ўзиёқ бу фикрга яққол мисол.
Ҳолбуки, амалдаги қонунчиликка кўра, бюджетдан ажратиладиган маблағлардан, бюджет ташкилотларининг бюджетдан ташқари жамғармалари маблағларидан фойдаланилиши, ўтказилган танловлар (тендерлар) ва олинган товарларнинг етказиб берилиши тўғрисида, вазирликлар, идоралар, давлат мақсадли жамғармалари ҳамда бошқа бюджет маблағларининг тақсимланиши билан ахборотлар омма учун очиқ бўлиши керак.
Айни пайтда ҳокимлар маҳаллий бюджет тақсимотида “бадиий раҳбар” вазифасини бажараётган экан, улардан ўзлари имзолаган ҳужжатларни эълон қилиш ёки қилмаслик масаласини кўриб чиқиш ҳуқуқи олиб қўйилиши зарур. Йўқса, “E-qaror”да “очилаётган лолалар” сони ортиб бораверади.



