Дарё ўзанидан қум-шағалларнинг меъёрдан ортиқ олиб кетилиши оқибатида яшиллик оламига зарар етмоқда, дарё бўйидаги қишлоқларда сув сатҳи пастлаб кетмоқда
Жиззах шаҳридан оқиб ўтувчи Сангзор дарёси ғаройиб хусусияти – тескари йўналишда оқиши билан кўпчиликни ҳайратга солади.
Сангзор гарчи нисбатан кичикроқ бўлса-да, шарқираган ўйноқи наҳр. Бироқ сўнгги йилларда тадбиркорлар томонидан қум-шағалларнинг меъёрдан ортиқ олиб кетилиши оқибатида дарё ўзани ҳам, унинг бўйида жойлашган қишлоқлардаги қудуқларда ҳам сув пастлаган. Бу эса яшилликнинг йўқолишига олиб келмоқда.
Қангли қишлоғи аҳли қишлоқнинг дарёга туташ ҳудуди бундан бир неча йил аввал жинғилзор бўлганини алам билан гапириб беришади. Ҳозир у ер шаҳардан олиб келинадиган чиқинди полигонига айланмоқда.
Элмирза Қурбоновнинг уйи дарёдан нари борса, 300 метр масофада жойлашган. Унинг айтишича, ўн йилча илгари беш-олти метрдан сув чиққан ва тўрт фаслда ҳам қуриб қолмаган.
– Сангзор бўйида 16-17 та қишлоқ мавжуд, – дейди Элмирза ака. – Қишлоқда оқар сув йўқ, ишонганимиз шу қудуқлар. Энди томорқаларни қандай суғорамиз, ҳайронман.
Бундан бир неча йиллар бурун дарё бўйига дам олувчилар ҳам келиб турган. Ҳозир ундай эмас. Чунки дарё бўйлаб тош ва шағал майдалашга мўлжалланган бир неча тадбиркорлик субъектлари иш бошлаган. Уларнинг шовқин-сурони одамларни безовта қилибгина қолмай, яшилликка ҳам зарар етказган.
Маҳаллий аҳоли тили билан айтиладиган «Бахмал поворот»дан то Бахмал туманидаги Дувлот қишлоғигача шағаллар уюмидан ҳосил бўлган ўнлаб «тоғ»лар бор. Бу ерларда дарёдан олиб келинган шағал-тошлар «драбилка»ларда майдаланади.
– Биз яшаётган жойлар жуда сўлим эди, дарё бўйида «Қизил китоб»га киритилган жинғил ўсар эди, – дейди Аъзамжон Хонимқулов. – Бироқ тадбиркорларнинг «шарофати» билан ўзан бўйида ўсувчи ушбу ўсимлик тури камайиб бормоқда. Завод кеча-ю кундуз ишлайди, оғир юк машиналари ва техникалар тинмайди. Қишда лой, ёзда чангдан азият чекилади. Вазиятдан кўпчиликнинг хабари бор. Мурожаат қилмаган жойимиз қолмади ҳисоб.
Биз Сангзор дарёсини ёқалаб бордик ва бир неча километр масофани кўздан кечирдик. Дарёнинг исталган жойидан тош-шағал олинмоқда. Дарё суви айрим жойларда ниҳоятда кенгайиб, баъзи жойларда эса қисқариб оқмоқда. Айрим жойларда қирғоқ 200 метргача олислаб кетган. Дарё ўз ўзанини ўзгартирган, қирғоқдаги дов-дарахт ва буталар қуриб бораётир.
Назаримизда, Сангзордан тош-шағалларнинг бу тарзда олиниши бирор меъёрга тўғри келмаслиги, экология ва атроф-муҳитга етказилаётган зарарни англаш учун мутахассис ёки олим бўлиш шарт эмас.
– Сангзорда сув миқдори камаяётган экан, табиийки, қум-шағал ҳам камайиб кетади, – деди Табиат ресурслари вазирлигининг Жиззах вилояти бошқармаси бош мутахассиси Юсуф Абролов. – Дарёдан қум-шағал олишда меъёрларга амал қилиш лозим. Тадбиркорларга дарёнинг қайси қисмидан қанча миқдорда шағал олиш мумкинлиги тушунтирилади. Бир жойдан катта миқдорда шағал олиниши дарёга салбий таъсир қилади. Бу фаолият тури бўйича масъул ташкилотлар бор ва назоратини улар олиб бориши керак.
Маълумки, Президентимизнинг 2018 йил 9 июлдаги «Ички бозорни қум-шағал материаллари билан барқарор таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори билан Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳузурида «Хавфсиз дарё» ДУК ташкил этилган эди. Дарё ўзанларидан қум-шағал қазиб олиш ишларини тартибга солиш бир қатор масъул идоралар билан ҳамкорликда «Хавфсиз дарё» ДУК зиммасига юклатилган.
– Юртимизда тадбиркорликка катта эътибор қаратилмоқда. Ишбилармонлар қатор имконият ва имтиёзларга эга. Аммо Сангзорбўйида айрим «тадбиркор»лар бундай қулайликлар фақат «мен учун яратилган», деган хаёл билан иш тутишмоқда, – дейди Сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Сув хўжалиги объектлари хавфсизлигини назорат қилиш инспекциясининг Жиззах вилояти бўйича инспектори Жўра Қораев. – Улар «Хавфсиз дарё» ДУК ҳисобига маблағ ўтказиб, аукционда дарё ўзанидан ер участкалари сотиб олишяпти. У ердан тош, қум, шағал қазиб олиб, даромад топишмоқда. Аммо зиммаларидаги асосий вазифа – дарё ўзанини тўғрилаш ишларини «эсдан чиқариб» қўйишаётир. Битта мисол: «BINAR TEXNO» шўъба корхонаси 20 йилдан буён дарёнинг Ғаллаорол туманидаги ҳудудидан тош қазиб олади. Корхона раҳбарияти вилоят экологлари, фавқулодда вазиятлар бошқармаси ҳамда сув хўжалиги объектлари хавфсизлигини назорат қилиш инспекцияси томонидан бир неча марта огоҳлантирилган ва жаримага тортилган бўлса-да, ўз билганидан қолмаяпти. Дарё ўзанини тозалаш ва тўғрилаш ишларига умуман эътибор йўқ. Натижада корхона учун ажратилган ҳудудда дарёнинг туби 3 метргача пасайиб, эни 200-300 метргача кенгайиб кетган. Дарё ва унга параллел барпо этилган «Эски Туятортар» каналининг бетон қопламалари, гидротехник иншоотларга путур етмоқда. Тошкент-Термиз халқаро автойўли ва шу ҳудуддаги темирйўлнинг Сангзор ёнидан ўтган қисмида қирғоқни мустаҳкамлашга зарурат пайдо бўлган. Сўнгги 3 йил ичида бу борадаги ишлар учун давлат бюджетидан 27 миллиард сўм маблағ сарфланди.
Қум-шағалнинг аёвсиз қазиб олиниши оқибатида дарё устидаги айрим кўприкларнинг таянч қисми атрофи ҳам ювилиб бораётир. Аслида, ҳукуматнинг тегишли қарорига кўра, ўзан бўйлаб дарё кўприкларидан юқори ва пастга қараб 2,5 километргача бўлган масофани ковлаш умуман тақиқланган. Аммо тадбиркорларнинг аксарияти бунга амал қилишмайди. «Маданият» маҳалласидаги кўприкнинг қуриб битказилганига ҳеч қанча вақт бўлгани йўқ. Бироқ ушбу кўприкниг таянч атрофлари ювилиб кетмоқда.
Тадбиркорларнинг дарё ўзанларида олиб борадиган ишлари «Хавфсиз дарё» ДУК томонидан мониторинг қилинади. Ўтган даврда ўтказилган мониторинг натижалари қандай бўлгани ва мажбуриятларни бажармаган тадбиркорларга қандай чора кўрилгани ҳақидаги бир қанча саволларимиз, афсуски, очиқ қолди. Чунки «Хавфсиз дарё» ДУК вакили билан боғланиб бўлмади. Қизиқ, «Хавфсиз дарё»дагилар Сангзорни «Хавфли дарё»га айлантирмаётганмикан?
Соҳа мутахассисининг фикрича, агар фаолият қайтадан кўриб чиқилмаса, жиддий экологик муаммога дуч келишимиз аниқ.
Муқимбой Исмоилов,
ishonch.uz
