Думан Смаков – журналист. Қозоғистондаги Factcheck.kz сайтининг бош муҳаррири. У Ўзбекистонда фактчекингни ривожалантиришга консультантлик ва тренерлик фаолияти билан ёрдам бериб келмоқда. Ўзбек ОАВни мунтазаб кузатиб келаётган Думаннинг Қозоғистон журналистикаси ҳамда ўзбекистонлик ҳамкасблари фаолияти ҳақидаги фикр-мулоҳазалари билан қизиқиб, уни суҳбатга чорладик.
– Думан, бизга Қозоғистон ОАВи ҳақида гапириб берсангиз. Улар қай даражада эркин фаолият юритади? Сўз эркинлиги қандай ҳимоя қилинмоқда?
– Расман Қозоғистонда 460 та ОАВ рўйхатдан ўтган бўлиб, уларнинг 158 таси босма нашрлар, 4 таси телеканал, 2 таси радио ва 285 таси ахборот агентликлари ҳамда сайтлардир. Булар лицензияга эга ОАВлар. Бизда қонунчиликка кўра, давлат рўйхатидан ўтмасдан туриб ҳам ОАВ фаолиятини йўлга қўйиш, жумладан, газета ёки телевидение ташкил этиш мумкин. Шу боис аслида фаолият кўрсатаётган ОАВлар сони анча кўп. Уларнинг қай даражада эркин фаолият олиб бораётганига келсак, албатта бу аввало Конституция ва 1999 йилда қабул қилинган ОАВ ҳақидаги қонун билан белгиланган. Унга кўра, мамлакатда сўз эркинлиги таъминланиб, цензурага йўл қўйилмайди. Амалда эса, баъзи ҳолатларда сўз эркинлигига тазйиқлар ҳам бўлиб туради. Айни пайтда ОАВ фаолияти билан боғлиқ қонунчилик янгидан кўриб чиқилди. Айрим экспертларнинг, шахсан ўзимнинг ҳам фикримча, унда мустақил журналистик фаолиятни чеклашга олиб келувчи унсурлар бор. Бир сўз билан айтганда, Қозоғистон журналистлари жуда эркин дея олмайману, аммо Россия, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистонлик ҳамкасбларимизга нисбатан эркинроқ фаолият кўрсатади, дейишим мумкин.
– Ўзбек ахборот маконида сўнгги йилларда блоггинг йўналиши яхши ривожланди. Телеграм ва YouTube каналлари, Фейсбукда шахсий блогпостларни юритиш дегандек… Қозоқ журналистикасида қандай тенденциялар устивор бўлиб турибди?
– Ҳа, шундай. Ўзбек медиасида телеграм ва YouTube, Tik-tok каналлари яхши ривожланган. Бизда ҳам бундай каналлар бор. Аммо охирги йилларда Қозоғистонда дата журналистика, фактчекинг асосида журналистик суриштирув олиб бориш ва воқеабанд видеорепортажлар орқали коррупцияга қарши курашиш ривожланди. Журналистлар амалдорларнинг коррупцион ишларини ёритиш асосида жойларда ва ҳудудлардаги муаммоларга ечим топишга, олдини олишга ҳаракат қилаяпти.
– Ўзбекистонга тез-тез келиб турасиз. Маҳаллий журналистларимиз фаолияти, айниқса, интернет журналистикасини кузатиб борасиз. Айтинг-чи, ташқаридан қараганда ўзбек журналистлари ижодида қандай камчилик ёки ютуқлар кўринади ?
– Бу борада ўз кузатувларимга асосланиб жавоб беришим мумкин. Ўзбек медиасида фактчекингга асосланган журналистик суриштирувлар жуда кам. Агар шу йўналиш ҳам ривожланса яхши бўларди. Албатта, суриштирувлар бутунлай йўқ демоқчи эмасман. Бор, аммо улар кам. Бошқа собиқ иттифоқ таркибида бўлган давлатлар каби бу ерда ҳам журналистлар ҳар доим ҳам жамоатчилик учун муҳим бўлган мавзуларни ҳис этмаяпти. Ёки ички цензура сабабли уларни кўтариб чиқолмаяпти. Лекин, эртами, кечми биз шу жараёнларга келишимиз керак. Ҳозирда ўзбек медиасида янгиликлар журналистикаси устунлик қилаяпти ва ҳар бир бўлаётган жараёнлар тезкорлик билан ёритиб борилмоқда. Бу яхши жиҳатларидан бири ва унинг фонида блогосфера ҳам ривожланмоқда. Аммо юқорида айтганимдек, журналистик суриштирувлар жамият, халқ учун ва соҳа ривожи учун ҳам жуда катта аҳамиятга эга.
– Қозоғистондаги Factcheck.kz бош муҳарририсиз. Бугунги кунда фактчекинг йўналишининг долзарблиги нимада? Жамоангиз нималарга эришмоқда?
– Фактчекинг – бу нафақат холис ахборот, ўқувчининг онгини ёлғонлардан асраш, журналистика ҳақида қайғуришгина эмас, давлат ва нодавлат ташкилотлари, умуман, барчамизга тегишли ахборот хавфсизлигидир. Қаерда фактчекинг бўлмаса, у ерда ахборот ўйинларига йўл очилади.
Factcheck.kz Ўрта Осиё медиаси орасида биринчи профессионал фактчек онлайн ресурс сифатида тан олинди ва бу лойиҳамизнинг қанчалик долзарблиги ва муҳимлигини кўрсатади. Қолаверса, Factcheck.kz қўшни қардош давлатларда ҳам фактчекинг ривожланишига туртки бўлаяпти. Масалан, Туркманистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистонда консультант сифатида шу йўналишдаги лойиҳаларнинг ривожланишига ёрдам бераяпмиз.
– Замонавий журналистни қандай таърифлаган бўлардингиз? Сизнингча, у қандай билимларга эга бўлиши керак?
– Ҳозирги журналистлар олдинги классик журналистлардан фарқ қилади. Бугун журналистика ривожида технологиялар, мавзунинг моҳияти, шу билан бирга сунъий интеллект унсурларининг кириб келиши кузатилмоқда. Келгуси авлод журналистлари орасида ҳам сунъий интеллект ёрдамида ишлаш катта бир йўналишни ташкил этади ва бу муҳим роль ўйнайди. Шу боис ҳозир ва келажакда медиада муваффақиятли ишлашни истаган журналист, уйғоқ фикрли, қалами ўткир, яхши таҳлилчи бўлиши билан бирга, дастурлаш тили ва унга оид билимлар, компьютер ва IT бўйича саводхонликка эга бўлиши керак. Бу рақамли маҳсулотларни, ахборотларни тақдим этишда муҳим аҳамиятга эга.
Шу ўринда яна бир нарсани таъкидлаб ўтишни истардим. Ҳозирда давлат ҳужжатларини юритишдан тортиб, медиагача барча-барчаси рақамли оламга кўчаяпти. Катта қисми кўчиб ҳам бўлди. Бу жараёнда бир қанча йўналишлар қайсидир нуқталарда туташади ёки тўқнашади. Шу боис жамиятга онлайн оламдаги муносабатларни тартибга соладиган, инсон ҳуқуқларини рақамли оламда ҳимоя қиладиган қонунчиликка катта зарурат бор.
– Қозоғистонда бугун босма нашрларнинг фаолияти қандай кечмоқда? Қардошларимизда оммавий ахборот воситалари ходимлари куни қачон нишонланади? Шу ҳақда ҳам маълумот бериб ўтсангиз.
– Қозоғистонда 158 та босма нашрлар рўйхатдан ўтган ва рўйхатдан ўтмасдан фаолият юритаётганлари ҳам кўп. Юқорида қонунчилик бунга рухсат беришини айтгандим. Аммо охирги йилларда уларнинг тиражи тобора пасайиб бормоқда. Ҳукуматнинг қўллаб-қувватлаши билан 150-200 минг нусхада чиқаётганлари ҳам, 5-10 минг атрофида чиқаётганлари ҳам бор. Менимча, улар онлайн ишлашга тайёр бўлишлари ва имкониятидан келиб чиқиб, газетанинг электрон шаклини ривожлантиришга ўтишлари керак.
ОАВ ходимлари кунига келадиган бўлсак, 28 июнь – Қозоғистонда ОАВ ходимлари куни сифатида нишонланади. Унда ҳукумат ўзининг сиёсати мазмунини, ислоҳотларни яхши ёритган журналистларни давлат мукофотлари ва турли рағбатлантирувчи мукофотлар билан тақдирлайди.
– Думан, мазмунли суҳбатингиз учун катта раҳмат, саломат бўлинг!
Ishonch.uz мухбири
Зебо НАМОЗОВА суҳбатлашди



