Германияга олий даражадаги ташриф доирасида турли соҳаларга оид 16 та ҳужжат имзоланди

41

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Германияга икки кунлик ташрифи якунланди.

Берлинда давлат раҳбари ГФР Канцлери Олаф Шольц ва Федерал Президент Франк-Вальтер Штайнмайер билан музокаралар ўтказди.

Шунингдек, Германиянинг етакчи компания ва банклари раҳбарлари билан учрашув бўлиб ўтди. Учрашувда Германия компаниялари раҳбарлари томонидан аниқ таклифлар билдирилди. Улар устувор соҳаларда юқори технологик ва инновацион ечимларни жорий қилган ҳолда амалий ҳамкорликни давом эттириш ва кооперацияни кенгайтиришга тайёрлигини билдиришди.

3 май куни эса Ўзбекистон ва Германия президентлари биргаликда Жеймс Симон галереясига ташриф буюриб, “Ўзбекистоннинг археологик хазиналари. Македониялик Искандардан Кушонлар салтанатигача” номли ноёб кўргазмани очдилар. Унинг ўтказилиши ҳақида Германия президентининг 2019 йил майдаги Ўзбекистонга ташрифи чоғида келишилган эди.

Қарийб тўрт йил давомида икки мамлакат археологлари, тарихчилари, санъатшунослари ва музей ходимлари тадбирни ташкиллаштириш устида фидокорона меҳнат қилди. Германиялик мутахассислар иштирокида 50 га яқин энг қимматли осори-атиқалар реставрация қилинди.

Ташриф доирасида, жумладан, иқтисодиёт, савдо, молия, таълим, фан ва инновация соҳаларида 16 та ҳукуматлараро ва идоралараро ҳужжатлар имзоланди.

Ташриф дастуридаги тадбирлар якунлангач, “Берлин-Бранденбург” аэропортида олий мартабали меҳмонни Германиянинг расмий шахслари кузатиб қўйди. Давлатимиз раҳбари Тошкентга жўнаб кетди.