“Бир қўшиқ куйлайки…” Шерали Жўраевнинг шу номдаги китоби нашрдан чиқди, ҳофиз Ёзувчилар уюшмаси аъзолигига қабул қилинди

111

Ўзбегимнинг бирор хонадони йўқки, Шерали Жўраевнинг куй-қўшиқлари кириб бормаган бўлса. Энди унинг нафақат овози, балки “Бир қўшиқ куйлайки…” номли китоби ҳам ҳар бир оиланинг китоб жавонидан, мухлислар, ўқувчиларнинг қалбидан жой олажак.

Кеча Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида халқимизнинг ардоқли санъаткори, Ўзбекистон ва Тожикистон халқ артисти Шерали Жўраевнинг мазкур китоби тақдимоти бўлиб ўтди. Тадбирда ёзувчи ва шоирлар, адабиётшунослар, ҳофизнинг шогирд ва мухлислари ўзларининг дил сўзларини баён этишди.

Фото: Аҳмад Тўра

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Ўзбекистон Халқ шоири Сирожиддин Саййид бу дийдорлашув кўп йиллар кутилганини таъкидлади:
– Бу кунларга узоқ йўллардан юриб келдик. Бу учрашувни устозларимиз Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Ҳалима Худойбердиевалар орзу қилишганди, десак муболаға бўлмас. Турфа замонларни кўрдик, турли таъқибларга гувоҳ бўлдик. Бугун ана занжирлар ечилди.

Ўша оғир замонларда, занжирбанд замонларда ҳам миллатнинг бахту саодатини баланд пардаларда куйлаган халқимизнинг севимли санъаткори Шерали Жўраевнинг қўшиқлари ҳамон мухлислар ардоғида.

Ҳофизнинг илгари “Бола дунёни тебратади”, “Санъатим” деган китоблари нашрдан чиққан, бугун яна бир гўзал китобининг тақдимоти бўляпти.

Аслида Шерали Жўраевни биргина «Ўзбегим» қўшиғи учун уюшмамизга аъзо қилсак арзийди.

Уюшма раиси шундай илиқ фикрлар билан халқ ҳофизига аъзолик гувоҳномасини топширди.

Фото: Аҳмад Тўра

– Шерали Жўраевдай инсонлар миллатнинг ёруғ юлдузлари ва улар юлдуз бўлиб туғилмайдилар, юлдуз бўлиб шаклланадилар, – деди устоз журналист Аҳмаджон Мелибоев. – У кўп йиллар синовли, машаққатли даврларни бошдан ўтказди. Ўша йиллари Андижондаги бир хонадонда бўлганимизда ёши улуғ онахон шу ўғлимни телевизорда кўрсам армоним йўқ эди, деб айтганда кўзимиздан ёш чиқиб кетганди. Ҳа, бундай кунларни ана шундай мухлислар кўришларини истаган бўлардик. Элимиз хонанданинг фақатгина қўшиғини тинглаш билан чекланиб қолмаслиги керак. Улар санъаткорнинг қандай оловли йўллардан ўтиб шаклланганини, тобланганини билиши керак. Шу маънода “Бир қўшиқ куйлайки…” китоби ўқувчилар учун жуда қадрли бўлишига ишонамиз.

“Бир қўшиқ куйлайки…” китобида Шерали Жўраевнинг қаламига мансуб шеъру ғазаллар ҳамда “Ишқ” достони, ҳофиз ҳақидаги мақолалар ўрин олган. Китобни таниқли журналист, “Шуҳрат” медали соҳиби Мақсуд Жонихонов нашрга тайёрлаган.

Гулрухбегим Одашбоева
ishonch.uz