Шунингдек, Қорақалпоғистон, Тошкент шаҳри, Тошкент хамда Навоий вилоятлари ижтимоий соҳа ва давлат идораларида қуёш панеллари ўрнатиш бўйича натижалар яхши эмас.
Бугун, 11 май куни Президент раислигида жойларда қайта тикланувчи энергия манбаларини жорий қилишга доир видеоселектор йиғилиши бошланди.
Унда мазкур янгиликнинг жойларда электрга бўлган кунлик талабнинг салмоқли қисмини қоплаши, бундан ташқари, ҳар бир ҳудуд ва тармоқ кесимида 2023 йилда электр энергияси танқислигини ортиғи билан қоплаш бўйича вазифалар аниқ белгилаб олингани эслаб ўтилди.
Президент тадбиркорлар, аҳоли хонадонлари ва ижтимоий объектларда кичик қуёш панеллари ўрнатиш бўйича белгиланган вазифаларни бажаришда жойлардаги мутасаддилар томонидан оқсоқликка йўл қўйилаётганини танқид қилди.
Жумладан, Самарқанд, Жиззах, Бухоро вилоятлари ижтимоий соҳа ва давлат идораларида қуёш панеллари ўрнатиш бўйича яхши натижаларни қайд этаётган бўлса, Қорақалпоғистон, Тошкент шаҳри, Тошкент хамда Навоий вилоятлари бу борада анча орқада.
Туманлар кесимида эса Сергели, Чилонзор, Учтепа, Нукус, Беруний, Бекобод, Паркент, Пискент, Қизилтепа, Гулистон, Сирдарё, Арнасой, Бағдод, Фурқат, Термиз, Олтинкўлда ишлар аҳволи қониқарли эмас.
“Тадбиркорлар билан ишлаш аҳволи ҳам бирорта ҳудудда талаб даражасида эмас. Улар томонидан 790 мегаватт қувват яратиш режа қилинган бўлса-да, бугунги кунга қадар бор-йўғи 50 мегаваттли қувватлар ишга тушган.
Туманлар кесимида Сайхунобод, Когон, Жондор, Мирзаобод, Шароф Рашидов, Пахтакор, Янгиариқ туманлари, Янгиер, Урганч шаҳарлари ҳокимлари масаланинг ичига кирмаган”, – дейди давлат раҳбари ўз муносабатида.
Ушбу туман ва шаҳар ҳокимларига ҳайфсан берилиши, икки ойда ўзгариш қилмаса, ишдан кетиши белгиланди.



