Биласизми, Сингапурда дипломи бор аёллар турмушга чиқсалар, давлатдан катта тўёна, агар фарзанд кўрсалар, бошқа ўқимаган аёлларга нисбатан кўпроқ суюнчи пулларини оладилар. Хўш, нима учун шунақа? Чунки буюк ислоҳотчи Ли Куан Ю мамлакатнинг муваффақияти аввалом бор илмли, зиёли аёллар ва оналарга боғлиқлигини тушуниб этган эди. Тарих кўрсатдики, Ли Куан Ю тўла ҳақ бўлиб чиқди.
Ақлли ва илмли аёл илмсиз аёллардан кўра дунёга, ҳаётга реал кўз билан баҳо бера оларкан. Бундай аёллар замонавий тенденциялар ва ҳаққонийлик билан ўз ҳаётлари ва оилалари келажагини қура оладилар. Улар ўз турмуш ўртоқлари ва фарзандларига тўғри йўналиш бера оладилар. Энг камида бундай аёллар ўз соғлиқлари ва оила соғлиғига катта эътибор қаратишади. Улар ўз турмуш ўртоқларига келажак истиқболларига олиб борувчи порлоқ йўлларни кўрсата оладилар, керак пайти танқид қилиб, зарур пайтда мақтов билан муваффақиятларга эриштира оладилар.
Илмли, ақлли аёллар қорин ғамини, уйдаги мебель, идиш-товоқ, латта-путта каби майда нарсаларнинг ташвишини қилавермайди, ундан юқорироқ ишлар ҳақида қайғурадилар. Улар мўлжални жуда юқори оладилар ва оилани юксакликка олиб чиқиш режаларини қила оладилар. Бундай аёллар ўз эрлари ва фарзандларига китоб тутқазадилар ва илм-фанга йўналтирадилар.
«Ҳар қандай буюк эркакнинг ортида буюк аёл туради», деб бежизга айтилмаган. Интеллекти юқори аёл албатта буюк фарзандларни камолотга эриштиради. Отадан қон, жисм ўтсада, ақл ва тафаккур кўпроқ онадан ўтади. Шунинг учун илмли, иймонли аёлларга уйланиш мақсадга мувофиқдир.
Ўткир интеллектуал билимга эга, ақл-фаросатли аёллар ўз эрларини йўқотган тарзда ҳам, ёки уларнинг аблаҳ бўлиб чиқишидан қатъи назар барибир ўз ҳаёт йўлларини топиб кета оладилар. Чунки бундай аёллар оилаларини иқтисодий-маънавий жиҳатдан қўрғон каби ҳимоялаш усулларини топишади.
Нима учун юксак интеллект эгалари иқтидорли аёлларни танлаганлар? Чунки улар фақат кучсиз одамлар ўзларидан ҳам кучсизларни танлашларини биладилар. Улар ўзларига мос ва хос, замон билан ҳамнафас юрувчи жуфтни бежизга танламаганлар. Чунки бундай кучли одамларга фақатгина ўзлари каби кучли аёлларгина илҳом бера оладилар.
Хўш, бизда-чи? Бизда ёш қизалоқларга болалигидан бўйсуниш, овқат қилиш, тикиш-бичиш, ўз ҳаётини қурбон қилиш йўллари ўргатилади. Йўналишлар қанчалик ўзгармасин, дунё қанчалик тараққиётга қадам қўймасин, биздаги қарашлар ҳалиям ХВ асрдаги аҳволда. «Бўлмаса эрсиз қоласан ва тамомсан» каби қарашлари устунлигича қолмоқда.
Дунё аёлнинг бўғирсоқ пиширишни билиши ёки билмаслигига эмас, балки унинг тафаккури ва юксак маҳоратига ҳайратланади.
Ўзингизнинг истеъдодингизни, билимингизни намоён қилишдан, янги ғояларингизни амалга оширишдан ҳеч қачон қўрқманг, эски стреотиплардан баралла воз кечинг. Кир ювуш ва овқат қилишни истаган пайтда ўрганиб олиш мумкин, аммо мияни билимга, тафаккур ва кўникмаларга тўлдиришга кейин кеч бўлиши мумкин.
Қозоқ тилидан Исроил Тиллабоев таржимаси



