ҚУЛЛИК: Қозоғистонда ўзбекистонлик фуқаро 6 йилдан бери тутқунликда ушлаб турилибди

280

Қуллик, меҳнат, ватангадолик… бу одам савдоси тузоғига тушган инсонлар қисмати. Не ажабки, бутун дунёни ларзага солаётган бу қабиҳликни бегоналар, бошқа халқлар эмас, ўз миллатдошларимиз, қўни-қўшни, маҳалладошларимиз амалга ошираётгани фожеадир. Бир инсон фожеаси эмас, жамият, миллат фожеаси…

Андижон вилоятининг Избоскан туманида яшовчи Аъламжон Абдуллаевни қўшни аёл Қозоғистонинг Чимкент вилоятига чақириб, алдов йўли билан сотиб юборган. Бу воқеага ҳам 6 йил бўляпти. У шу кунларда молбоқарлик қиляпти. Қўлида шахсини тасдиқловчи ҳеч қандай ҳужжати йўқ.

80 ёшдан ўтган онанинг кўзлари фарзандини кута-кута яхши кўрмайдиган ҳам бўлиб қолди. 2 йил аввал укасининг аризасига мувофиқ Одам савдосига қарши ва мажбурий меҳнатга қарши кураш масалалари бўйича кичик комиссияси ҳамда республика “Истиқболли авлод” ижтимоий ахборот маркази Андижон вилоят бўлимига мурожаат қилинган. Комиссия аризани ички ишлар бошқармасига юборганда идорадан чет давлатлардаги одам савдоси тузоғига илинганлар ишлари билан шуғулланмасликлари айтилган.

“Истиқболли авлод” вакиллари Қозоғистондаги юристлар билан боғланганида тутқунликдаги инсон қўрққанидан ўз хоҳиши билан ишлаётганини билдиради. Бу орада унинг олдига маҳалладоши ҳол сўраб борган.

Аъламжонни ушлаб турган шахс уни бошқа сўраб келмаслигини айтиб, қўпол муомала билан қайтарган. Бугун унинг иши бўйича ҳеч қандай чора кўрилмаяпти.

Фарзандини бағрига босиш муштипар онанинг сўнгги илтижоси. Онаизорнинг илтижоларига ким қулоқ тутади? Масъуллардан бу масалага эътибор қаратишларини, Аъламжонни тутқунликдан қутқаришда ёрдам беришларини истаймиз!

Анваржон ҲАЛИМОВ

ishonch.uz