Шунингдек, келгуси ўқув йилидан ўзбекистонликлар учун Россия ОТМларида қўшимча квоталар ажратилгани маълум қилинди.
Марказий Осиё мамлакатларида Россиянинг етакчи олий таълим муассасалари филиалларини очиш режалаштириляпти. Бу ҳақда Россия ташқи ишлар вазири ўринбосари Михаил Галузин маълум қилди.
“Қирғизистонда Россиянинг етакчи олий ўқув юртлари – Ломоносов номидаги Москва давлат университети, Қозон федерал университети ва Олий иқтисод мактаби филиалларини очиш режалаштирилган. Ўзбекистонда эса Россия гуманитар университети, Москва давлат геодезия ва картография университети ва Шимолий Кавказ федерал университети очилади.
Ашхободда Россия–Туркманистон қўшма университетини жорий этиш лойиҳаси мувофиқлаштириш босқичида. Буларнинг барчаси бизнинг минтақада фаолият кўрсатаётган 25 та таълим муассасаларимиз филиалларига қўшимча бўлади”, – дейди Галузин.
Унинг таъкидлашича, ҳозирда Россияда Марказий Осиё давлатларидан 185 минг нафарга яқин талаба таҳсил олмоқда, шундан 68 мингга яқини Россия бюджети ҳисобидан молиялаштирилади.
“2023-2024 ўқув йилида биз қозоғистонлик талабаларни ўқитиш учун квотани 200 ўринга оширдик. Шунингдек, Қирғизистон фуқаролари учун яна 200 ўрин, Ўзбекистон фуқаролари учун 50 ўрин ва Тожикистон фуқаролари учун 152 ўрин қўшимча ажратдик”, – дейди Россия ТИВ раҳбари ўринбосари.



