Ўқувчилик йилларим уйимизга қўшимча бир хонали уй қурганмиз. Томи ёпилгач, ичини сувоқ қилиш учун дадам Абдуназар қорини айтиб келдилар. Бухоро мадрасасида таълим олган бу донишманд киши ўша йиллари бир сабаб билан қишлоғимизга келиб, шу ерда муқим яшаб қолган, Қуръон тиловатида пешқадам бўлса-да, буни ошкор қилмас, ким иш айтса, йўқ демасди. Биров бир гапни бузиб, бутунлай тескарисини айтса ҳам «Э, шунақа эканми, бай-бай, қаранг-а, биз аҳмоқлар мадрасада уламолар бошқача тушунтиришса, ишониб юраверган эканмиз-да», дерди-қўярди.
Лой етилгач, мен уни яхшилаб ийлаб, ҳовучимда Қори бувага узатаман, у киши сув сепилган деворга чаплайдилар. Ёшлик қилиб бир нималарни сўрайман, тушунтириб беради.
Бир пайт ҳовлимизга тоғда яшайдиган чўпонлардан бири кириб келди. Ўша кунлари Ўнҳаятда яшайдиган Адашвой тоғамиз оламдан ўтган эди, Чўпон Қори бувани танимай, марҳумнинг руҳига ўзи билганича тиловат қилди-да, бир тишлам нонни оғзига солиб, ўрнидан турди.
Чўпон кетгач, мен бувага чўпоннинг тиловатида хатолари борлигини айтгандим, у киши «Майли-майли, шунча жойдан ният қилиб келибди, хатони тузатса бўлади, ниятда гап кўп, қани, лойдан узатинг», – деди.
Бу гапнинг маъносини англаш учун кўп китоб варақладим. Ҳазрат Навоий «Амалларнинг боши – ниятнинг холислигида. Ният холис, кўнгил тоза бўлмас экан, фақиҳлик каби шарафли касб ҳам номаи аъмолнинг гуноҳлардан холи бўлишига кафолат беролмайди», деган экан.
Аҳмаджон МЕЛИБОЕВ



